Скандинавия давлатларида ўзбек тилида таълим берувчи онлайн мактаб очилди

Скандинавия давлатларида ўзбек тилида таълим берувчи онлайн мактаб очилди

Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси ташаббуси билан Скандинавия давлатларидаги ватандошларнинг фарзандлари учун ўзбек тилида таълим берувчи онлайн мактаб очилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

 

 

Маълум қилинишича, лойиҳа Тошкент шаҳридаги Нордик халқаро университети ва Скандинавия давлатларидаги ўзбек ватандошлар уюшмалари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Дастур доирасида ёш авлодга она тилини ўргатиш, уларнинг онгида миллий қадрият ва маданиятни мустаҳкамлаш мақсад қилинган.

 

 

Шунингдек, жорий йилнинг 26-апрель куни лойиҳа тақдимотига бағишланган вебинар бўлиб ўтган. Унда лойиҳа ташаббускорлари ва Скандинавия давлатларидаги ўзбекистонликлар иштирок этишган.

 

 

Тошкент Нордик халқаро университети ректори Шерзод Мустафоқуловнинг маълум қилишича, она тилини ўргатиш орқали чет элдаги иккинчи ва учинчи авлод ўртасида миллий ришталарнинг узилишининг олди олинади.

 

«Жаҳон тажрибасидан маълумки, иккинчи ва учинчи авлод муҳожирларида ушбу ришталарнинг сусайиши ва ҳатто узилиш хавфи мавжуд. Фарзандларга она тилини ўргатиш орқали бундай «кўринмас» таҳдиднинг олдини олиш мумкин. Давлат-хусусий шериклик шаклида ишга солинаётган лойиҳамизнинг асл мақсадиям шундан иборат», — деган у.

 

Шу жумладан, Швециядаги Ўзбек миллий маданий маркази раҳбари Зилола Йўлчиева биринчи ўқув машғулотлари жорий ҳафтада бошланишини ва 100 дан ортиқ бола рўйхатдан ўтганини таъкидлаган.