Яна бир боғчада 1.5 ёш боланинг оёғи эҳтиётсизлик сабаб куйдириб қўйилди

Яна бир боғчада 1.5 ёш боланинг оёғи эҳтиётсизлик сабаб куйдириб қўйилди

Поп тумани Санг қишлоғидаги оилавий боғчалардан бирида 23 апрель куни тарбиячи 1.5 ёш боланинг оёғини куйдириб қўйган, аммо болага биринчи ёрдам қилинмай, 3-4 соат қаровсиз ушлаб турилган. Бу ҳақда боланинг онаси Kun.uz га мурожаат йўллаган.

 

Онанинг айтишича, тарбиячи боланинг ёнида иссиқ сувни қолдирган, унинг эътиборсизлиги туфайли қизалоқнинг оёғи куйган.

 

«Тарбиячи куйдирган. Оёғи куйгандан сўнг мени чақирмаган ҳам, 3-4 соат олиб ўтирган. Шифокорга ҳам олиб бормаган, қизингиз ухлаяпти – деб олиб ўтираверган, олгани борсам айтяпти куйдириб қўйдим – деб. Кейин ўзим ўз ҳудудимиздаги тез ёрдамга бордим. Ўша ерда биринчи ёрдам қилишди.

Тез ёрдамдагилар ҳам «нимага зудлик билан бизга олиб келмайди» деб айтишди. Бировнинг боласининг оёғини куйдирар эканда, яна бемалол юрар экан уйида. Нимага қарамадингиз, нимага иссиқ сувни ёнига қўясиз – десам, мени уйидан ҳайдаб солди. Яхшироқ қарамабсизда десам, ҳеч нима қилмайди деб эр-хотин биз билан урушди, қўлингдан келганини қил дедиʼ, – дейди қизалоқнинг онаси Мадина Рўзибоева.

 

 

Она сўзларининг исботи тариқасида бир қанча суратлар ва видео тақдим этган. Тақдим этилган видеода эса боғча раҳбарияти билан тортишув бўлгани, бир эркак аёлга қарата «истаган жойига бориб мурожаат қилишини» дағдаға қилгани кўринади.

 

 

Мурожаатчи боғча ҳеч қандай ҳужжатсиз фаолият юритаётганини, буни эса ўзи ҳам энди билганини айтган.

 

Шунингдек, Наманган Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизматининг ҳолат юзасидан расмий муносабат билдир. Маълум қилинишича, «Боғ» МФЙ ҳудудида фуқаро С. Фазлиддинова томонидан уйида ноқонуний равишда давлат рўйхатидан ўтмасдан ва лицензиясиз таълим — тарбия фаолияти билан шуғулланганлиги аниқланган.

Ушбу ноқонуний мактабгача таълим ташкилоти фаолияти тўхтатилиб, юқоридаги ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга барча ҳужжатлар тақдим этилганлиги билдирилади.