Қашқадарё вилояти Қарши туманида 14 ёшли мактаб ўқувчиси автоҳалокат содир этди. Натижада икки дўсти воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда «Ҳудуд» дастурида хабар берилди.
Хабар қилинишича, 19 апрель куни Қарши тумани «Қозикент» маҳалласида 14 ёшли бола отасининг автомашинасини рухсатсиз бошқарган ва автоҳалокатга учраган — машинада бўлган 2 дўсти воқеа жойида ҳалок бўлган.
Автомашинада жами 5 киши бўлган. 2011 йилда туғилган мактаб ўқувчиси машинани юқори тезликда ҳайдаб, руль бошқарувини йўқотган. Оқибатда йўл четида тўхтаб турган юк машинасига урилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сенат берган маълумотга кўра, 2024 йилнинг 5 ойи давомида жами 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳатлари олган. 2023 йилда болалар билан боғлиқ 1 794 та ЙТҲ юз бериб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган, 263 нафари вафот этган.
