Бир гуруҳ география фани ўқитувчилари 15 апрелда ўтказилган аттестация имтиҳонида тушган саволлардан норози бўлиб, Талимхабарлари.узъга мурожаат қилди. Турли ҳудудлардан таҳририятга ёзган педагоглар бу йилги саволлар жуда мураккаб бўлганини, тестлар ва расмларнинг сифати пастлиги, шунингдек, баъзи саволларга тўғри жавоб бирдан ортиқ, айримларида эса умуман тўғри жавоб йўқлигини маълум қилишган.
«2025 йил 15 апрель куни бошланган аттестация имтиҳонлари, хусусан, география фанидан олинган натижалардан деярли барча ўқитувчилар норози. Натижалар ачинарли ҳолатда – деярли 99% педагоглар керакли баллни тўплай олишмаган. Бу вазиятнинг сабаби, албатта, фақатгина ўқитувчиларнинг ўз устида ишламаслигида эмас. Бир нечта жиддий омиллар мавжуд:
– Тест саволларида кўплаб хатоликлар мавжуд;
– Айрим саволларда иккита тўғри жавоб кўрсатилган;
– Чизмалар сифат жиҳатидан паст, тушунарсиз;
– Хариталарда аниқлик ва мантиқийлик етишмайди.
Мазкур аттестация имтиҳони натижалари ўқитувчиларнинг нафақат малака даражаси, балки моддий рағбатлантириш – жумладан, вазир жамғармаси устамаси, 70 фоизлик устама (ҳатто халқаро аккредитация ҳали ўтказилмаган бўлсада), «Йил ўқитувчиси» танлови ва бошқа имкониятлар билан чамбарчас боғлаб қўйилган.
Натижада, бу тестлар асосан малака тоифаси учун имтиҳон топширган ўқитувчиларга катта босим сифатида таъсир кўрсатмоқда. Улар орасида тажрибали, меҳнаткаш, касбига меҳр қўйган педагоглар талайгина. Улар учун бу даражадаги саволлар ва имтиҳон тизими адолатли деб бўлмайди.
Бугун биз ўқитувчи мақомини юксалтириш, уларнинг билими ва фидойилигини қадрлаш ҳақида кўп гапирамиз. Аммо амалда уларни синдиришга эмас, кўтаришга хизмат қиладиган адолатли ва сифатли тизим зарур. Аттестация имтиҳонлари шаффоф, аниқ, хатолардан холи, педагогларнинг реал билим ва тажрибасини баҳолай оладиган профессионал тизим асосида ташкил этилсин. Саволлар сифат жиҳатдан текширилсин, ҳар бир ноаниқлик учун масъулият белгилансин», — дейди хоразмлик география фани ўқитувчиси Курамбаев Шокир
Фарғона вилоятидан мурожаат қилган яна бир ўқитувчи имтиҳондан керакли баллни тўплай олмаганини, берилган саволларда эса чизмалар хира эканлиги ва айрим саволларда бирдан ортиқ тўғри жавоб келтирилганини айтган.
«15 апрель куни ўтказилган аттестацияда география фани ўқитувчиларининг деярли 99% и керакли баллни тўплай олмаган (йиқилган!). Ҳатто 90 баллдан юқори натижа қайд қилиб юрганлар 60 балл ҳам ололмаган. Сабаб нима? Улар ўз устида ишламай қўйдими?
Бунга эса неча омиллар бор:
– саволларда хатоликлар кўп;
– 2 та тўғри жавоблар бор;
– чизмалар хира, сифат паст;
– харитада муаммо бор», – дейди география фани ўқитувчиси Абдуқодир ибн Муҳаммад.
Шунингдек, яна бир қанча ўқитувчилар аттестацияга тушган саволларнинг мураккаблик даражаси ва вақт мутаносиблиги йўқлиги, шунингдек, саволлар кўринмас даражада сифати паст эканлигидан шикоят қилган. Бундан ташқари, келиб тушган мурожаатларда саволларда чалкашлик борлигини, шунингдек, айрим саволлар учун тўғри жавоб берилмаганлигини таъкидлаб ўтилган.
15 апрель куни бутун республика бўйича география фани ўқитувчилари учун ташкил этилган аттестация иштирок этган бирор бир ўқитувчи ижобий натижага эриша олмади. Бу ҳолат фақатгина индивидуал билим ва тайёргарлик даражасига боғлиқ эмаслигини, балки тест материалларининг сифатига оид муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Қуйидаги ҳолатлар бизни чуқур ташвишга солмоқда:
1. Тест саволларининг мазмуни ва шакли: Мутахассислик фанидан берилган саволлар кўп ҳолларда мавҳум, чалкаш, турлича талқин қилинадиган бўлиб, аниқ ва тушунарли жавоб вариантларига эга эмас эди.
2. Педагогика фанидан тест саволлари: Жуда узун ва мураккаб тузилган бўлиб, матнлар мантиқий жиҳатдан тушунарсиз, чалкаш ифодаланган.
3. Визуаллаштиришдаги техник хатоликлар: Мутахассисликка оид айрим тестларда, хусусан Венн диаграммаси, хариталар, рақамлар ва белгилар жуда кичик, хира ва аниқликдан йироқ кўринишда тақдим этилган. Бу эса саволнинг моҳиятини тўғри англашга жиддий тўсқинлик қилди.
Биз, география фани ўқитувчилари сифатли таълим беришга, замонавий ёндашувларга асосланган дарсларни ўтказишга ҳаракат қилаётган бўлсакда, бундай адолатсиз ва техник жиҳатдан пишиқ тайёрланмаган тест синовлари бизнинг касбий фаолиятимизга салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли биз, бутун республика бўйлаб фаолият юритаётган география ўқитувчилари номидан қуйидагиларни сўраймиз:
– Аттестация тестлари сифатини қайта кўриб чиқиш, аниқ, лўнда ва мантиқий тузилган саволлар асосида тайёрлаш;
– визуал материалларнинг сифатига жиддий эътибор бериш;
– тест синовларида адолат ва шаффофликни таъминлаш;
Ушбу ҳолат бўйича хизмат текширувини ўтказиш ҳамда жавобгар ташкилот ёки мутасаддиларнинг изоҳ беришини таъминлаши керак», дейди яна бир география фани ўқитувчиси Зулфияхон Самадова
Ушбу вазиятга нисбатан Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Раджабов расмий муносабатни билдириб, имтиҳондан норози бўлган ўқитувчилар ёзма ариза бериши ёки апелляция комиссиясига мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтди. Сардор Ражабовнинг сўзларига кўра, апелляция комиссияси ҳар бир мурожаатни алоҳида кўриб чиқади ва у бўйича педагогларга расмий маълумот бериб ўтади.
Эслатма! Малака тоифаси тест синовларида иштирок этган педагоглар pedagog.uzedu.uz платформасидаги шахсий кабинетлари орқали онлайн шаклда Апелляция юбориши мумкин.
