Ўзбек романчилигининг асосчиси, атоқли ёзувчи Абдулла Қодирийнинг машҳур «Ўткан кунлар» романи Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида қирғиз тилида чоп этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати хабар берган.
Мазкур асарни қирғиз тилига таржима ишларини таниқли таржимон Учқун Абдилазизов амалга оширган. Китоб «Улуу тоолор» нашриёти томонидан босмага тайёрланган бўлиб, унга Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, машҳур адиб ва таржимон Самидин Стамбеков муҳаррирлик қилган.
Романнинг янги нашрига сўзбоши ёзган адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов унда асарнинг ўзбек адабиётидаги алоҳида ўрнига урғу берган.
«Ўзбек адабиётида юзлаб романлар ёзилди. Уларнинг орасида мақтаса арзийдиган, талай чет тилларга ўгирилганлари бор. Бироқ шунга қарамай, «Ўткан кунлар» романи бошқача.Агар шундай дейиш мумкин бўлса, мен бу романни ʼЎзбек халқининг паспортиʼ деб атаган бўлардим», – дея таъкидлайди олим.
Таъкидлаш жоизки, «Ўткан кунлар» романи дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган бўлиб, халқаро миқёсда кенг эътироф этилган. Машҳур шарқшунос олим Евгений Бертелс эса бу асарга юксак баҳо бериб, шундай деган эди:
«Жаҳон адабиётида бешта романчилик мактаби мавжуд: инглиз, француз, немис, рус ва ҳинд мактаблари. Энди олтинчи мактаб пайдо бўлди. Бу мактабни яратган – Абдулла Қодирийдир.»
