Қандай турдаги менежерлик сертификати учун директор ва ўринбосарларга устама тўланмайди?

Қандай турдаги менежерлик сертификати учун директор ва ўринбосарларга устама тўланмайди?

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги 681-сон қарори билан «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган.

 

Қарорга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб менежерлик сертификатига эга бўлган мактаб директорларига 50 фоиз, мактаб директори ўринбосарларига 30 фоиз устама тўланиши белгиланган.

 

Ҳозирда менежерлик ўқув курслари «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисида»ги Низом асосида ташкил этилмоқда.

 

Директор ҳамда унинг ўринбосарларига менежерлик сертификати учун устама тўлаш тўғрисидаги норма 2023 йил 25 декабрда кучга кирган. Шу боис, ўтган йиллар давомида юқоридаги низомда назарда тутилмаган турли хил менежерлик курсларида ўқиб, сертификат олган ходимларга мазкур устамалар тўланмайди.

 

Биринчидан, 2023 йил 25 декабргача директор ва унинг ўринбосарларига менежерлик ўқув курслари ташкил қилинмаган. (2023 йилнинг 5-27 июнь кунлари тажриба-синов тариқасида ташкил этилган менежерлик курслари бундан мустасно)

 

Иккинчидан, директор ҳамда ўринбосарларга фақатгина Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги 681-сон қарори билан тасдиқланган низом асосида ташкил этилган менежерлик курсларида ўқиб, сертификат олган тақдирда устама тўланади.

 

 

Мазкур устамани олиш истагида бўлган раҳбар ходимлар А. Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида жорий қилинган менежерлик ўқув курсларида ўқиши ҳамда менежерлик сертификатини олиши керак бўлади.