Маҳмудхўжа Беҳбудий Исмоилбек Ғаспаралини ўз устози, маслакдоши деб билган ҳамда унинг янги усул мактабларини ташкил қилишга оид тажрибасини қунт билан ўрганган. Самарқандлик жадидлар Сиддиқий Ажзий, Абдуқодир Шакурий ва Ҳожи Муинларнинг 1903 йили жадид мактаблари очишларига кўмаклашиб, мактабда дарсларни ташкил қилиш ва ўқитиш бўйича тартибларни ишлаб чиққан. Мактабларда қуйидагиларга амал қилиниши лозим бўлган:
- Синфда (мактабда) болалар сони 30 дан ошмаслиги керак;
- Болаларни йилида икки марта – ёз ва қиш бошларидагина қабул қилиш мумкин;
- Ҳар қабул неча бўлишидан қатъий назар бирта синф бўлиши лозим;
- Ҳар бир муаллимда кўпи билан 3-4 синф бўлсин. Агар мактаб 3 синфдан иборат бўлса, дарслар кетма-кет, маълум уйғунликда қўйилмоғи керак;
- 7-8 ёшлардаги бола 7-8 соат узлуксиз ўқий олмайди. Кунига дарс соати 5 соатдан ошмаслиги, ҳар дарсдан сўнг 10 дақиқа танаффус бўлиши лозим;
- Жума ва байрам кунлари дам олиниши керак;
- Ўн ойлик ўқишдан сўнг ёзнинг иссиқ кунларида таътил бўлиши мақсадга мувофиқ;
- Бир кунда ўқувчига бирта фанни ўқитиш зеҳнини бузишини инобатга олиб, 5 та фанни ўқитиш керак;
- Шогирдларни урмай, сўкмай тарбиялаш лозим;
- Совуқ хонада дарс ва илм бермаслик лозим;
- Иқтидорли ўқувчиларни ҳар ҳафта сўнгида рағбатлантириш лозим ва ҳоказо.
Маҳмудхўжа Беҳбудий анъанавий мактаблар замон талабига жавоб бермай қолгани, ўқув дастурлари эскирганини таъкидлаб, янгича ўқитиш давр талаби эканини уқтирган: «Усули жадид хоҳламайдурғон, ё янги нима эканини билмай, ўрусий атайдурғон авом, бидъат атайдурғон муллалардин ҳар кимки келиб, ушбу мактабни кўрибдур. Болаларни ҳусни қироати, тажвид, ҳисоб, аҳком ва ақоид мусулмонийни билғони ва аниқ муддатга ўқиб, ёзғони хулоса, ўқиган сабоғини қоидаси ила билиб, жавоб берғонини кўриб, таҳсин қилиб, ҳамма кўрган ва билган кишилар ушбу тариқа мактаб тўғрисида софдил фикр билдирдилар».
Беҳбудий Кавказ, Истанбул, Миср, Ҳижоз, Арабистондаги мактаб ва мадрасаларни кўриб, бироз тажриба орттирган. Мактабда дарс бериш тартиблари ва ўқув дастурларини кўздан кечирган. Дарсликлар ва ўқув қўлланмалар билан танишиб, Самарқандга олиб келган.
Мактаблар учун «Алифбо мактаби исломия» (1904), «Мунтахаби жуғрофияи умумий» (Қисқача умумий жўғрофия, 1906), «Китобат ут атфол» (Болалар учун китоб, 1908, 1914), «Мухтасари тарихи ислом» (Исломнинг қисқача тарихи, 1909), «Амалиёти исломия» (1908), «Мадхали жўғрофияи имроний» (Аҳоли жуғрофиясига кириш, 1905), «Мухтасари жуғрофияи Русий» (Русиянинг қисқача жуғрофияси, 1905), «Ҳисоб» (1918) дарслик ва ўқув қўлланмаларини ёзган.
Беҳбудий халқни саводли ва маърифатли қилиш учун янги усул мактабларини энг ишончли восита, матбуотни маърифатни кенг тарғиб қилиш қуроли деб ҳисоблаган. Ўзи асос солган «Самарқанд» газетаси ва «Ойина» журналида мунтазам равишда таълим ва тарбия масалаларига бағишланган мақолалар чоп қилиб борган. У «дунёда турмоқ учун дунёвий илм ва фан лозим»лигини уқтирган. Жуғрофия, геометрия, математика, табиат ва чет тилларни ўрганишни дунёни билиш калити деб ҳисоблаган.
Беҳбудий мураббий-педагог сифатида бола табиатини чуқур ўрганган, ўз ўқув дастурларига болага пухта билим берувчи одоб, жуғрофия, табиатшунослик, тил, фиқҳ, ҳандаса ва бир қанча замонавий фанларни киритган. Беҳбудий болада бўлиши лозим бўлган тарбияни қуйидаги гуруҳларга ажратган:
- Ақлий тарбия;
- Ахлоқий тарбия;
- Диний тарбия;
- Эстетик тарбия;
- Ҳуқуқий тарбия.
Ақлий тарбия мактабда берилишини урғулаб, у ерда диний ва дунёвий билимларни чуқур ўрганиш кераклигини ҳам таъкидлайди. Ахлоқий тарбия дастлаб ота-она томонидан берилиб, мактаб ёшига етгач бу жараёнда устозлар ҳам қатнашишини кўрсатиб берган. Ота-оналарга фарзандларини тўйга олиб бормаслик лозимлигини уқтириб, тўйдаги ичкиликбозлик ва бошқа ноўрин ишлар бола ахлоқига салбий таъсир қилишини айтган. Мактаб ўқитувчиларига болаларга ишқий мазмундаги ғазалларни ўқитмасликни шарт қилиб қўйган. Бундай ғазалларга боланинг ақли етмай, тўғри тушунмаслиги оқибатида нохуш ҳолатлар келиб чиқиги мумкин, деб ҳисоблаган.
Беҳбудий болада диний тарбия бўлиши шарт, деб уқтирган. Мактаб учун тайёрлаган иккита дарслиги ҳам диний таълим ва Ислом тарихига бағишлангани бежиз эмас. Унинг фикрича, болага ёшлигидан мусулмонлар учун фарз бўлган барча амалларни ўргатиш лозим. Беҳбудий шогирдларининг диний билимдонлиги кўплаб уламолар томонидан эътироф этилган.
Беҳбудий асарларида айнан эстетик тарбия сўзи қўлланмаган бўлсада, бу тарбияни беришга оид аниқ тавсиялари мавжуд. Масалан, «Китобат ут атфол» дарслигида инсоннинг гўзал хулқ-атворига одатланиши зарурлиги, инсонлар бир-бирига мактуб ёзганда чиройли ҳуснихат билан, хушмуомала сўзлардан фойдаланиши лозимлигини уқтирган. Ота-онага хат ёзганда «муҳтарам», «ҳурматли», «азиз» сўзлари билан бошланган мактубларни намуна сифатида кўрсатган.
Беҳбудий ҳар бир инсон ўз ҳақ-ҳуқуқини билиши зарурлигини кўплаб мақолаларида тилга олган. Бу унинг ҳуқуқий тарбия борасидаги таълимоти бўлиб, болалар ва аёлларга тегишли ҳуқуқлар, мерос ҳуқуқи бўйича исломий ҳуқуқий билимларни тақдим қилган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ватанпарвар, миллатпарвар авлодни тарбиялаш ғоясини илгари сурган ва буни фақат мактаб орқали амалга ошириш мумкин, деб ҳисоблаган. «Ойина» журналининг 1914 йил 11-сонидаги «Мактаб» мақоласида мактабга шундайтаъриф берган: «Мактаб – жаннат ва истиқболнинг эшиги, мактаб – жаҳолатга душман қиличи, мактаб – дунё иморатларининг энг муқаддаси ва қадрлисидур».
Ўзининг «Самарқанд» газетасининг 1913 йил 3 сентябрда чоп қилинган «Таҳсил ойи» мақоласида айнан шу масалаларга эътибор қаратиб, Туркистон халқини мактаб таълимига чорлайди: «Агар август ва сентябрь ойларидан бошлаб кўчага разм солган киши икки хил одамларни кўради. Бириси оппоқ кўйлаклар кийиб ясаниб олган, қўлларида ўнлаб нусха китоблар кўтариб, саодатлик юриш билан ҳукумат мактабларига кетаётган рус, яҳудий армани болалари. Иккинчи хил одамлар эса эрталабдан устларига оғир юк, қўлларида бел, кетмон, корхона ва қадоқхоналарга ҳаммолликка ёлланиб, 20 тийиндан бир сўмгача топмоқ илинжидаги Туркистон болалари…». Беҳбудий Туркистон болалари азиз умрларини кўча ишларига сарфламай илм ўрганишлари кераклигини, ота-оналар боласига ҳеч бўлмаганда тўрт йиллик ибтидоий билимларни олишга кўмаклашиши лозимлигини таъкидлаган.
