Ўзбекистон ва Франция университетлари ўртасида 26 та ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон ва Франция университетлари ўртасида 26 та ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи доирасида 10 март куни Париж шаҳрида “Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон – Франция кўприги” мавзусида қўшма конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди.

 

Вазирликнинг маълум қилишича, конференция доирасида икки мамлакат олий таълим муассасалари ва илмий марказлари ўртасида жами 26 та шартнома, битим ва халқаро лойиҳалар бўйича келишувлар имзоланган.

 

Ушбу ҳужжатлар қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, талабалар алмашинувини ташкил этиш ҳамда илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

 

Академик мобиллик ва қўшма дастурлар

Конференция давомида қуйидаги университетлар ўртасида академик мобиллик тўғрисидаги Битимлар имзоланди:

 

  • Андижон давлат чет тиллари институти – Пуате университети, Франкофония университети;
  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети – Париж ХIII Шимолий Сорбонна Университети, Пуате университети;
  • Фарғона давлат университети – Сорбон Университети;
  • Самарқанд давлат чет тиллар институти – Монпелье 3 университети;
  • Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти – Лион Ла Мартинер-Дидро лицейи, Лион тўқимачилик ва кимё институти (ITECh);
  • Ўзбекистон Миллий университети – Париж XIII Шимолий Сорбонна Университети, ASIE халқаро бирдамлик ва таълим ассоциацияси.

 

Шунингдек, Наманган давлат чет тиллари институти Франкофония университетлар ассоциацияси ва VATEL Hospitality Management School олийгоҳи билан академик ва илмий ҳамкорлик бўйича битимларга эришди.

 

Муҳандислик, транспорт ва ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик

 

Муҳандислик ва технологик ривожланиш бўйича қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. Тошкент давлат транспорт университети Пуате университети, Лион 2 университети, Ле Гавр Нормандия университети ва Ренн университети билан “UNIFROUZ / Ўзбекистон-Франция университети”консорциум лойиҳаси доирасида келишувга эришди.

 

Шунингдек, Тошкент давлат транспорт университети Аирбус компанияси билан талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун стажировка ва малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш бўйича шартнома имзолади. Авиация йўналишида университет ва Франциянинг Фуқаролик Авиацияси Миллий Мактаби (ENAC) ўртасида ҳамкорлик келишуви тасдиқланди.

 

Бухоро давлат университети ва Франция рақамли университети (FUN – France Université Numérique) ўртасида рақамли таълим платформасидан фойдаланиш бўйича битим имзоланди.

 

Бундан ташқари, Тошкент ахборот технологиялари университети ENSSAT муҳандислик институти билан 2025–2026 йиллар учун “Йўл харита”ни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришди. Университет шунингдек, Париж-Саклай университети билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича шартнома имзолади.

 

Инновацион лойиҳалар ва инвестициялар

 

Конференция доирасида “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети ва Франциянинг “SUEZ International” компанияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Тошкент давлат техника университети эса UzAssystem компанияси билан дастурий таъминот бўйича шартнома тузди.

 

Тошкент давлат транспорт университети ва Кўприклар ва йўллар олий мактаби ўртасида “Тезюрар транспорт учун кўприклар ва йўллар” йўналишида PISH (профессионал илмий-тадқиқот ҳамкорлиги)ни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

 

“Имзоланган ҳужжатлар қўшма таълим дастурлари, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, талабалар алмашинуви ва илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган”, – дейилади вазирлик ахборотида.