Нодавлат боғчалардаги мавжуд ўринларни аниқ кўрсатиб берадиган алоҳида тизим яратилади

Нодавлат боғчалардаги мавжуд ўринларни аниқ кўрсатиб берадиган алоҳида тизим яратилади

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова мактабгача таълимга масъуллар билан кенг масштабда йиғилиш ўтказди.

Вазир Ҳилола Умарованинг таъкидлашича, кейинги беш йилда мактабгача таълим билан қамров 80 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими билан қамров 100 фоизга етказилади.

Жорий йил 1 январдан бошлаб қамров даражаси паст бўлган давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг бўш турган ер участкаларида давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйишга рухсат берилди.

Шу муносабат билан, вазирликнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари бир ҳафта муддатда ташаббускор тадбиркорларни топиб, бу масалада аниқ таклифларни тақдим этади.

Хусусий тадбиркорлар, малакали мутахассислар боғча тарбиячиларининг малакасини оширишга ташаббус кўрсатса, улар албатта қўллаб-қувватланади.

Нодавлат боғчалар томонидан мурожаатларни вазирликка доимий юборадиган, яъни нодавлат боғчалардаги мавжуд ўринлар, педагогларга бўлган эҳтиёжни аниқ кўрсатиб берадиган алоҳида тизим яратилади.

Махсус бот орқали муаммоли вазиятларни ечимларига доир нодавлат боғчалар томонидан мурожаат қилиш имконияти йўлга қўйилади.

Нодавлат боғчалар педагоглари ҳам методик маҳорат куни ва соати тадбирларига қамраб олиш ҳамда келгуси йилдан мажбурий беш йилда бир марта 100 соатлик малака ошириш жараёнларига жалб қилинади.

Бунда малака ошириш ўқув дастурига педагогларни эмоционал ҳолатини текшириш ва бошқариш кўникмаларига қаратилган модуль киритилади.