Мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ хизмат турларида мурожаатлар сони 2,5 каррага камайган

Мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ хизмат турларида мурожаатлар сони 2,5 каррага камайган

Айни пайтда, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

 

Унда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича аниқ тизим яратилди, алоҳида қонунлар қабул қилинди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш ва агентлик ташкил қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

 

Шунингдек, таълим масаласи ҳақида тўхталиб ўтилган. Аввал, мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ хизмат турлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилган. Ушбу соҳада мурожаатлар сони 2,5 каррага камайган.

 

Олий таълимда 35 турдаги ҳужжатларни инсон омилисиз олишга ўтилгани учун соҳадаги мурожаатлар 2,2 баравар камайган.

 

«Ислоҳотларимиз натижадорлиги аввало, садоқатли, фидойи ва коррупцияга тоқатсиз янги авлодга бевосита боғлиқ. Бу ишда фикри тоза ёш авлодни тарбиялаш устувор вазифага айланиши шарт», – деди Президент.

 

Шу мақсадда мактаб директорлари «Тарбия» фани доирасида ўғил-қизларимизга ҳалоллик, бировни ҳақига хиёнат қилмаслик каби эзгу ғояларни содда тилда тушунтириб бориши кераклиги таъкидланган.

 

Ректорлар эса талаба ва ёшларнинг коррупцияга қарши лойиҳалари, стартап ва инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиши зарур. Умуман, «коррупция – келажакка таҳдид» деган ғоя асосида Янги Ўзбекистон ёшлари қалбидан жой оладиган тизим яратилса, айни муддао бўлиши таъкидланган.