2025 йилда Ўзбекистондаги олий ўқув юртларининг 30 мингдан ортиқ талабаси замонавий ётоқхоналарга жойлашади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов президент билан учрашувдан сўнг маълум қилган.
«Республикамизда бугунги кунда талабаларнинг 50 фоиздан ортиғи ётоқхона йўқлиги сабаб ижарада туряпти. Президентимиз уларни яқин йилларда замонавий хизмат кўрсатадиган ётоқхоналар билан таъминлаш вазифасини қўйди», — дейди у «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
Маълумотларга кўра, охирги уч йилда мазкур йўналишда 57 та лойиҳа амалга оширилиб, 30 мингдан ортиқ талабалар учун давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхоналар қурилди ва таъмирланган.
«Булар олдингиларига қараганда анча замонавийроқ ётоқхоналар бўлгани учун бу борадаги ишларни кенгайтириш бўйича топшириқ берилди. Энди 2025 йилда 46 та ётоқхонани давлат-хусусий шериклик асосида ишга туширишимиз керак. Бунда биз 30 мингдан ортиқ ёшларимизни ётоқхона билан таъминлаймиз», — деди Конгратбай Шарипов
Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ҳамкорликда 9336 ўринли саккизта замонавий ётоқхона қуриш режалаштирилмоқда.
«Президентимиз ётоқхоналар Европа стандартларига жавоб бериши, уларда барча қулайликлар, қўшимча хизматлар, кечаю кундуз билим олиш имконини берадиган тизим бўлиши кераклигига алоҳида урғу берди», — деган Олий таълим фан ва инновациялар вазири
Вазир ётоқхоналарни тўлиқ «яшил» энергия таъминотига ўтказиш кўзланганини билдирган.
Президентнинг 30 августдаги 2024−2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш тўғрисидаги қарорига кўра, ЕТТБ ва бошқа молия ташкилотлари кўмагида Тошкент шаҳрида 17 минг ўринли ётоқхоналар қуриш режалаштирилган. Лойиҳанинг қиймати 176 млн долларга баҳоланмоқда.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб талабалар турар жойидаги ўринлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки мй.гов.уз орқали электрон ариза асосида тақдим этилади.
