«Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» низомнинг 6-бандида қуйидаги педагогларга умрбод малака тоифасини бериш ва уларни навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб қилмаслик белгиланган эди:
— олий малака тоифа (бош ўқитувчи лавозими)га эга бўлганидан сўнг олий малака тоифани 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга бўлган педагог кадрлар; — педагогик фаолият бўйича 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга бўлган педагог ходимлар; — ёшга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган вақт қолган педагог ходимлар; — педагогик фаолият билан шуғулланаётган пенсия ёшига тўлган педагог кадрлар;
Педагогларни аттестациядан ўтказиш тартибига ўзгариш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, эндиликда педагогларга умрбод тоифа бериш тартиби бекор қилинди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов АОКА да бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида маълум қилди. Бу тартиб 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб кучга киради.
Бунда, педагогик фаолият бўйича 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга бўлган, ёшга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган вақт қолган ва педагогик фаолият билан шуғулланаётган пенсия ёшига тўлган педагог кадрлар ҳам ҳар беш йилда навбатдаги мажбурий аттестацияга жабл этилади.
Навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмаган, аттестациядан ўтганлик муддати тугаган ва амалдаги малака тоифаси сақланиб қолган қуйидаги педагоглар 2025 йил 1 сентябрга қадар мажбурий аттестацияга жалб этилмайди ҳамда уларга амалдаги малака тоифаси бўйича ҳақ тўланади:
– олий малака тоифасига эга бўлганидан сўнг ушбу тоифани 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга бўлган;
– педагогик фаолият бўйича 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга бўлган;
– ёшга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган вақт қолган;
– педагогик фаолият билан шуғулланаётган пенсия ёшига тўлган.
Шунингдек, қуйидаги талаблардан бирига жавоб берадиган педагогларга белгиланган муддатга қадар тўғридан-тўғри малака тоифаси берилади:
– педагогик фаолият бўйича 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга бўлган;
– ёшга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган вақт қолган педагогларга – уларнинг амалдаги малака тоифаси;
– олий малака тоифасига эга бўлганидан сўнг ушбу тоифани 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга бўлган педагогларга – олий малака тоифаси.
Эслатма! Агар педагогга 2025 йил 1-центабргача умрбод малака тоифаси берилган бўлса, янги тартиб жорий этилишидан қатъий назар унинг тоифаси сақланади ва кейинги мажбурий аттестацияларга жалб этилмайди ва уларга амалдаги тоифаси бўйича ҳақ тўланади. Улар фақатгина ўз хоҳши билан навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этиши мумкин.
