Давлат-хусусий шериклик доирасида «сунъий интеллект асосидаги университет тизими» ни йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда

Давлат-хусусий шериклик доирасида «сунъий интеллект асосидаги университет тизими» ни йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда

Калифорния штати университети (CSU) таълим соҳасида сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш бўйича йирик қадам ташлади. ОpenAI томонидан яратилган генератив сунъий интеллект маҳсулоти ChatGPT Edu 23 та кампусда 460 000 дан ортиқ талаба ва 63 000 дан ортиқ ўқитувчи ҳамда ходимлар учун фойдаланишга топширилмоқда.

 

 

Бу АҚШда илк бор бутун университет тизими миқёсида амалга оширилаётган ChatGPT жорий этилиши бўлиб, дунёдаги энг йирик ChatGPT интеграцияси ҳисобланади, дейилади ОpenAI берган баёнотда.

 

 

Инновацион таълим тизими учун давлат-хусусий шериклиги

 

Лойиҳа давлат-хусусий шериклик доирасида амалга оширилмоқда. ChatGPT Edu билан бир қаторда, Adobe, Google, AWS, IBM, Intel, Microsoft, NVIDIA, Instructure, LinkedIn ва бошқа технологик компаниялар билан ҳамкорликда «сунъий интеллект асосидаги университет тизими» яратиш режалаштирилган.

 

«Бу инновацион, юқори даражада ҳамкорликдаги давлат-хусусий ташаббус бизни сунъий интеллектни таълимда самарали, масъулиятли ва тенг ҳуқуқли жорий этишда глобал етакчига айлантиради», — деди CSU канцлери Mildred García.

 

Унинг таъкидлашича, комплекс стратегия талабаларнинг барча таълим йўналишларида тажрибасини бойитади, ўқитувчиларимизнинг таълим ва тадқиқот имкониятларини кенгайтиради ҳамда Калифорния иқтисодиётини сунъий интеллект ёрдамида ривожлантириш учун юқори малакали кадрлар етиштиради.

 

Сунъий интеллектга асосланган таълимни ривожлантириш стратегиялари

 

CSU лойиҳа доирасида қуйидаги учта асосий йўналишни эълон қилди:

 

1. AI Commons: Барча талаба, ўқитувчи ва ходимлар учун бепул сунъий интеллект воситалари, тренинг дастурлари ва сертификатларни ўз ичига олган махсус платформа.

 

2. AI Educational Innovations: Ўқитувчилар учун янги таълим усулларини жорий этиш, инновацион тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда сунъий интеллектни таълим тизимига интеграция қилиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал қилиш учун ресурслар ва тренинглар.

 

3. AI Workforce Training: Талабаларга сунъий интеллектдан фойдаланувчи ташкилотларда амалиёт ўташ имкониятларини яратиш ва реал дунё тажрибасини ошириш.

 

Сунъий интеллект асосидаги таълимда глобал етакчиликка интилиш

 

Лойиҳа AI Workforce Acceleration Board томонидан бошқарилади. Бу кенгаш Калифорния губернатори Gavin Nyusom идораси, етакчи технологик компаниялар ва CSU вакилларидан иборат бўлиб, «сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда иқлим ўзгариши ва уй-жой муаммоларини ҳал қилишда амалий ечимлар яратишга қаратилган AI мусобақаларини» ташкил этади.

 

«Бизнинг икки асосий вазифамиз бор: талабаларга ушбу кучли воситалардан унумли фойдаланишни ўргатиш ва АҚШдаги энг йирик давлат университети тизимига хизмат қилишда сунъий интеллект ёрдамида ўзимизни такомиллаштириш,« — деди Ed Clark, университетнинг бош ахборот директори.

 

ОpenAI таълим бўйича вице-президенти Leah Belsky ушбу ташаббус ҳақида шундай деди:

«Бутун таълим экотизими — муассасалар, тизимлар, технологлар, ўқитувчилар ва ҳукуматлар — ҳамкорликда ишлаши ва барча талабаларга сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланишни ўргатиши муҳим. CSU таълим соҳасида жасорат билан намуна кўрсатмоқда.»

 

Бу ташаббус таълим, хусусий сектор ва ҳукумат ўртасидаги ҳамкорлик орқали Калифорния ва бутун мамлакат бўйлаб келажак авлодларни сунъий интеллектга тайёрлашни мақсад қилган.