Навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этишда чекловлар борми?

Навбатдан ташқари аттестацияда  иштирок этишда чекловлар борми?

Савол! Олий тоифали ўқитувчиман. Олий тоифани 2022 йилда олганман ва тоифа сертификатимнинг амал қилиш муддатини узайтириш мақсадида навбатдан ташқари топширмоқчиман, лекин мен ўтган йили кузги аттестацияда ҳам иштирок этганман. Балим етмай қолди. Мактабимиз ЎИБДЎдан сўраган эдим «кўпи билан уч марта топшириб, педагог ўтолмаса унга салбий қарор чиқади» — деди. Шу қанчалик тўғрими?

 

 

Жавоб! Бу нотўғри, албатта. Бундай чекловлар мавжуд эмас. Педагоглар 2027 йил баҳорги аттестацияга қадар чекланмаган ҳолда навбатдан ташқари тури бўйича иштирок этишингиз мумкин.

 

Низомнинг 44-бандида мутахассис ёки олий маълумотли ўқитувчи лавозимидаги педагог кадр:

 

 

– 60 балл ва ундан юқори кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтган, иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими) берилган;

 

 

– 55 баллдан 59 баллгача кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтган, мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими сақланган;

 

 

– 55 баллдан кам кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтмаган, мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас деб (навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилган педагог кадрлар бундан мустасно) ҳисобланади.

 

 

Навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилган педагог кадрлар аттестациядан ўта олмаган тақдирда, уларнинг малака тоифаси (лавозими) туширилмайди ҳамда улар лавозимига мувофиқ эмас деб ҳисобланмайди.

 

 

Мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимидаги педагог кадрлар навбатдаги мажбурий аттестациядан ўта олмаган тақдирда, иш берувчи ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли у билан тузилган меҳнат шартномасини меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш ҳуқуқига эга.

 

 

Шунингдек, Низомнинг 44-банд, биринчи қисмида, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилмаган тақдирда, навбатдаги мажбурий аттестациядан ўта олмаган мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимидаги педагог кадр навбатдан ташқари аттестацияга кўпи билан уч марта жалб этилади.

 

 

Бунда уч мартадан бирортасида ҳам навбатдан ташқари аттестациядан ўта олмаган ёки узрли сабабсиз (касалликка чалиниши оқибатида узоқ муддатли меҳнатга қобилиятсизлик ҳамда давлат ёки жамоат вазифаларини бажарганлигидан ташқари ҳолларда) аттестацияда иштирок этмаган педагог кадр билан тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли бекор қилинади.

 

 

Эслатма! Навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этиш бўйича чекловлар амалдаги тоифаси мутахассис бўлиб, навбатдаги мажбурий аттестацияда — «мутахассис лавозимига мувофиқ эмас»- деб топилганлар учун мавжуд.