Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс томонидан Тошкентдаги 71-мактаб ўқувчилари хавфсизлигига таҳдид қилинган хабарлар тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, Мирзо Улуғбек туманидаги 71-сонли умумтаълим мактабида таълим жараёнлари бошқарма томонидан тўлиқ назоратга олинган. Бугун мактабнинг биринчи ва иккинчи навбатидаги дарслар белгиланган жадвал асосида ўтказилди.
Юқоридаги аноним ёзилган хабар ўз исботини топмади. Мактаб маъмурияти, миллий гвардия, психолог-инспектор ота-оналар ва ўқувчилар билан тушунтириш ишларини амалга ошириб, бу каби асоссиз хабарларга ишонмасликка ҳамда доимо ҳушёр бўлишга чақирган.

Қонунчиликка кўра, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатган шахс БҲМнинг 100 бараваригача (37 млн 500 минг сўмгача) жаримага тортилиши мумкин.
Шунингдек, ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ушбу ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса, қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилиши мумкин:
- БҲМнинг 200 бараваригача (75 млн сўмгача) миқдорда жарима;
- 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
- 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
- 2 йилгача озодликни чеклаш.
