Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ва Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Фан олимпиадалари маркази ҳамкорлигида соврин жамғармаси 1 млрд сўмни ташкил этадиган STEM фанлари бўйича Иқтидорли болалар республика олимпиадаси (IBRO-2025) ўтказилади.
Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази хабар беришича, 2025 йил апрель июнь ойларида ўтказиладиган олимпиада уч босқичда (туман, вилоят ва республика кесимида) математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича ташкил этилади.
Биринчи босқич (туман) — онлайн тарзда 1–7 апрель кунлари ташкил этилади. Биринчи босқичда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш, қатнашиш ва натижаларни аниқлаш тестбор.уз таълим платформаси орқали амалга оширилади.
Ҳар бир фан кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 5 нафаргача ғолиб аниқланади. 1–5-ўринларни эгаллаган иштирокчилар ташкилий қўмитанинг қарори билан иккинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилади.
Иккинчи босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 13–20 май кунларида онлайн тарзда ўтказилади. Якуний танловда иштирок этиш учун иккинчи босқичда ҳар бир ҳудуд кесимида 1–5-ўринларни эгаллаган ўқувчилар саралаб олинади.
Учинчи босқич – Финал босқичи – 2–8-синф ўқувчилари учун онлайн шаклда ўтказилади. 10-11-синф ўқувчилари учун Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети биносида ўтказилади.
“Олимпиадани ўтказишдан мақсад юртимизда муҳандислик соҳасида фаолият олиб боришни хоҳловчи ёшларни тарбиялаш ва иқтидорли, қобилиятли ва истеъдодли ёшларни аниқлаш, улардаги ижодий қобилиятларнинг рўёбга чиқишига кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлашдан иборат”, – дейилади марказ томонидан эълон қилинган хабарда.
Маълум қилинишича, олимпиадада қатнашган 2–9-синф ўқувчилари орасидан ТОП–100 таликка кирган иштирокчиларга 6 та категория бўйича турли миқдорда пул мукофотлари берилади.
10-11-синф ўқувчилари орасидан математика, физика ва информатика фанлари бўйича ТОП–10 таликка кирган иштирокчиларга 5 та категория бўйича турли хил техника воситалари билан тақдирланади. Шунингдек, энг кўп ва энг тезкор тўғри ечим топган ўқувчиларга –iPhone 16 телефони тақдим этилади.
Математика, физика ва информатика фанларида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган (жами 18 нафар) ўқувчилар ASTRUM Korea IT Академияси (AKITA) ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетларига 100 фоиз грант асосида имтиҳонсиз қабул қилинади.
Олимпиада ғолибларини мукофот жамғармаси 1 миллиард сўмни ташкил этади. Олимпиада якунида энг фаол иштирок этиб юқори ўринларни қўлга киритган мактаб жамоаси аниқланиб бош соврин — BYD Chazor автомобили совға қилинади.
