Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокама қилинган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Унда бошқа соҳалар қаторида таълим соҳасини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва олий таълим экспортини ошириш зарурати ҳам муҳокама қилинди.
8 йилда 125 та янги олийгоҳ – аммо экспорт паст даражада
Президент матбуот хизматининг маълумот қилишича, сўнгги 8 йилда Ўзбекистонда 125 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилган, шундан 23 таси хорижий университет филиаллари ҳисобланади. Бу йирик ислоҳотларнинг натижаси бўлишига қарамай, ўтган йили олий таълим экспорти атиги 26 миллион долларни ташкил этгани мавжуд имкониятларга мутлақо мос эмаслиги таъкидланди.
Шу боис, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига «Топ–1000» таликка кирувчи университетлар сонини 2 тадан 10 тагача ошириш чораларини кўриш топширилди.
Хусусий сектор иштирокида таълим инфратузилмаси ривожлантирилади
Йиғилишда шунингдек, маданият ва санъат марказларининг бўш турган ҳудудларини хусусий сектор ёрдамида ривожлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ўтган йили 15 та маданият маркази тадбиркорларга берилиб, 86 миллиард сўм инвестиция киритилган ва 1,5 мингдан ортиқ маданий тадбир ташкил этилган.
Бироқ, ҳали ҳам вазирлик тизимидаги 120 та маданият ва санъат маркази бўш турибди, шу боис уларни илғор хорижий тажриба асосида хусусий секторга бериш бўйича топшириқ берилди.
Таълим соҳаси ривожига оид янги вазифалар белгиланди
Йиғилишда ҳудуд раҳбарлари ва вазирларнинг ҳисоботи тингланиб, тадбиркорларнинг намунали тажрибалари таҳлил қилинди. Халқаро рейтингларда олийгоҳларнинг ўрнини мустаҳкамлаш, талабаларга илғор таълим методларини тақдим этиш ва олий таълим экспортини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
