Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 декабрдаги ПҚ-455-сон қарори билан хорижий тиллардан миллий ва халқаро сертификатга эга давлат бошқарув идораларининг барча бўғинлари ходимларига лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача қўшимча устама тўлаш 2025 йил 1 январдан бошлаб тўхтатилганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу қарорда фақатгина давлат бошқарув идораларининг ходимлари ҳақида сўз борган, яъни, бу хорижий тил ўқитувчиларига тааллуқли эмас. Аммо хабар нотўғри талқин қилиниб, айримлар уни хорижий тил ўқитувчиларига устама тўлаш ҳам тўхтатилади, деб тушунган.
Хорижий тил ўқитувчиларига тўланадиган устамалар миқдори камайдими?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-134-сонли фармонига кўра Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг халқаро стандартлар талабларига жавоб бермайдиган миллий баҳолаш тизимида чет тили бўйича олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама қуйидагича тўланиши белгиланган:
– 2025 йил 1 январга қадар — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорда;
– 2025 йил 1 январдан бошлаб — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорда.
Шу сабабли, 2025 йил 1 январдан миллий сертификатга эга бўлган хорижий тил ўқитувчиларига тўланадиган 50 фоизлик устамалар эндиликда, 20 фоизга туширилди.
Айрим хорижий тил ўқитувчилари учун 50 фоизлик устама тўлаш давом эттириладими?
Муҳим! Агар хорижий тил ўқитувчиси халқаро тан олинган сертификатга эга бўлса, уларга 50 фоиз миқдорида устама тўлаш давом этаверади. Бунда халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган хорижий тил ўқитувчиларига ҳам 50 фоиз миқдорида устама тўланаверади.
Фақат бунинг учун, миллий баҳолаш тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши ваколатли халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.
Яъни, хорижий тил ўқитувчиси фақат Ўзбекистонда тан олинадиган, БМБА томонидан берилган, миллий сертификатга эга бўлса, уларга эндиликда, 2025 йил 1 январдан бошлаб 20 фоиз устама тўланади. Агар у халқаро даражадаги сертификатга эга бўлса, 50 фоизлик устамаси сақланиб қолаверади.
Эслатма! Педагог ходимларга устама белгилашда қўлланиладиган хорижий тилларни билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024 йил 4 апрелдаги 4-қ/қарори ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2024 йил 2 апрелдаги 3-мҳ-сон қарори билан тасдиқланган. Қуйидаги файл орқали сертификатлар билан танишишингиз мумкин:
