2025 йилдан бошлаб мактабгача ва мактаб таълими соҳасига доир қатор тартиб ва янгиликлар амалиётга жорий этилади. Қуйида қонунчилик ҳужжатларидаги муҳим ўзгаришларни сизга эслатиб ўтамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига асосан:
– 2025 йил 1 январдан — мактабгача таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозими жорий этилади;
– 2025 йил 1 январдан — туман (шаҳар)ларда камида биттадан таянч мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилади:
– 2025 йил 1 январдан — мактабгача таълим ташкилотларида «Методик маҳорат соати», таянч мактабгача таълим ташкилотларида «Методик маҳорат куни» босқичма-босқич жорий этилади;
– 2025 йил 1 январдан — тренер сифатида фаолият юритаётган директор ўринбосарларига лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама ҳақ тўланади;
– 2025 йил 1 январдан — қамров даражаси паст бўлган мактаблар бўш турган ер участкаларида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйишга рухсат этилади;
– 2025 йил 1 январдан бошлаб она тили ва тарих фани ўқитувчиларига миллий сертификат учун 50 фоиз устама тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорларига асосан:
– 2025 йил 1 январдан — камбағал оилалар фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли асосда қабул қилинади;
– 2025 йил 1 январдан — нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун ўрнатилган тартибда компенсация бериш тартиби жорий этилади;
– 2025 йил 1 январдан — мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг ходимлари учун беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда малака ошириш курслари жорий қилинади;
– 2025 йил 1 январдан — умумий ўрта таълим муассасаларида «Касбий ривожланиш соати», таянч умумий ўрта таълим муассасаларида «Касбий ривожланиш куни» босқичма-босқич жорий этилади;
– 2025 йил 1 январдан — нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этадиган терма жамоалар раҳбарини рағбатлантириш тартиби жорий этилади ва даромад солиғидан озод этилади;
– 2025 йилдан — 5–8-синф ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган олимпиадаларда юқори натижаларни қайд этган иқтидорли ўқувчилар базаси шакллантирилади ва уларни халқаро олимпиадаларга мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилади;
– 2025 йилдан — асосий фан олимпиадаларининг ҳудудий босқичида муваффақиятли иштирок этган иқтидорли ёшлар учун «Intelлектуал оромгоҳлар» ташкил этилади.
