Жорий йил 1 февралдан бошлаб васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссиялар фаолияти тугатилади

Жорий йил 1 февралдан бошлаб васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссиялар фаолияти тугатилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 893-сонли қарори билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш шакллари бўйича айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди.

 

 

Қарорга асосан:

 

 

– 2025 йил 1 февралдан бошлаб туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар масалалари бўйича васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссиялар фаолияти тугатилади;

 

– болаларни муқобил жойлаштириш шакллари бўйича жойлаштириш (бундан фарзандликка ва тутинган (фостер) оилага олиш мустасно) «Инсон» марказларининг, оилавий болалар уйини ташкил этиш ва тугатиш эса Ижтимоий ҳимоя агентлигининг ҳудудий бошқармасининг қарори асосида амалга оширилади;

 

– етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тутинган (фостер) оилага «Инсон» марказлари ва болани тарбияга олган шахслар ўртасида тузиладиган шартнома асосида жойлаштирилади;

 

– етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга (патронат) олган тутинган ота-оналарга ҳар ойлик тўловлар тўлаш ҳамда болаларни кийим-бош ва пойабзал билан таъминлаш харажатлари 2025 йилдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

 

 

Шунингдек, қарорга асосан, қуйидагилар тасдиқланди:

 

 

– Ўзбекистон Республикасида вояга етмаган шахсларга нисбатан васийлик ва ҳомийлик органи тўғрисидаги низом;

 

– Вояга етмаган шахсларга нисбатан васийлик ва ҳомийлик белгилаш тартиби тўғрисидаги низом;

 

– Етим болалар ва ота-она қарамоқидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олиш тартиби тўғрисидаги низом;

 

– Болалар уйлари тўғрисидаги низом;

 

– Меҳрибонлик уйлари тўғрисидаги низом;

 

– Кичик ҳажмли болалар уйлари тўғрисидаги низом.