Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати, 19-сентябр куни Қўшкўпир туманидаги боғчаларнинг бирида тарбиячиларнинг болаларни қарғагани акс этган видеолавҳага расмий муносабат билдирди.
“Видеолавҳада акс этган ҳолат жорий йил 18-сентябр куни Қўшкўпир туманидаги 39-сон Давлат мактабгача таълим ташкилотида содир бўлганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш давомида мазкур Давлат мактабгача таълим ташкилотининг 2-ўрта гуруҳ тарбиячиси М.Б ўзининг мобил қурилмасида тарбияланувчилар билан шуғулланаётиб жараённи видеотасвирга олганлиги ва бехосдан шу гуруҳ ота-оналари учун очилган махсус телеграм гуруҳига жойлаганлиги аниқланди.
Ишчи гуруҳи томонидан ташкилот ходимлари ўртасида содир бўлган ҳолат юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, қайта шундай ҳолатлар содир бўлса қонуний чора кўрилиши юзасидан огоҳлантирилди.
Ҳолатга сабабчи бўлган тарбиячи М.Б эса қилган ишидан пушаймон эканлигини билдириб, мазкур гуруҳ ота-оналаридан узр сўраганлиги ва ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаганлигини маълум қиламиз”, – дейилади бошқарма хабарида.