Бизнес-омбудсман матбуот хизматининг хабар қилишича, Навоий инновация институти лицензиясини бекор қилиш юзасидан судга мурожаат қилинганлигидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.
Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан институт лицензиясини бекор қилиш бўйича судга даъво аризаси киритилган. Вазирлик томонидан институт фаолиятида бир қатор қоидабузарликлар аниқланганлиги, жумладан, таълим фаолияти лицензияда кўрсатилмаган манзилда олиб борилгани, ўқув адабиётлари етишмаслиги, ўқув аудиториялари ва лабораториялар талабларга жавоб бермаслиги каби камчиликлар асос қилиб кўрсатилган.
Вакил девони ходимлари томонидан судда институт манфаати ҳимоя қилинган. Кармана туманлараро иқтисодий судида институт томонидан аниқланган камчиликларнинг асосий қисми бартараф этилганлиги, қоидабузарликлар тизимли хусусиятга эга эмаслиги ва жиддий салбий оқибатларга олиб келмаганлиги инобатга олиниб, вазирликнинг даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.