Вазирлар Маҳкамасининг (19.09.2024) №-579-сонли қарорига кўра,
– 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб таълим кредити иккинчи ва ундан юқори босқич талабалари учун фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи «3» дан паст бўлган тақдирда, тўлов-контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи миқдорида ажратилади, бунда кредит тўлов-контракт суммасининг дастлабки 20 фоизи талаба томонидан тўлангандан кейин ажратилади;
– «3» ва ундан юқори бўлган тақдирда ва (ёки) «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилаларнинг таълим олаётган аъзолари учун таълим кредити тўлов-контракт суммаси миқдорида ажратилади.
Жорий ўқув йили учун таълим кредитини олмоқчи бўлган талабанинг фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи аввалги ўқув йили якуни бўйича «Олий таълим жараёнларини бошқариш» (ҲEМИС) ахборот тизимидан олинади.
Талабанинг фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи кўрсаткичи ва тегишли маълумотлари «Олий таълим жараёнларини бошқариш» (ҲEМИС) ахборот тизими, тўлов-контракт тўғрисидаги маълумотлари эса «Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш» (kontrakt.edu.uz) ахборот тизими орқали автоматик тарзда шакллантирилади.
Кредит олувчи таълим кредити олиш учун белгиланган тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тижорат банкларига «Ягона интерактив давлат хизматлари» (my.gov.uz) портали, «Таълим кредити» (ta’lim-krediti.mf.uz) ахборот тизими ёки тўғридан- тўғри мурожаат қилади.
Кредит олувчи томонидан таълим кредитини олиш учун тўғридан-тўғри тижорат банкига мурожаат қилинганда, тижорат банки улар учун очилган «Таълим кредити» (ta’lim-krediti.mf.uz) ахборот тизимидаги шахсий кабинет орқали таълим кредити олиш тўғрисидаги аризани шакллантиради.