Рақобат қўмитаси томонидан Урганч давлат университетининг талабалар турар жойи биноси қурилиши бўйича тендер савдоси қонунга зид деб топилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Унга кўра, Рақобат қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси вилоят прокуратурасининг топшириғига асосан Урганч давлат университети томонидан давлат хусусий шерикчилиги асосида 7 қаватли, 600 ўринли талабалар турар жойи биноси қурилиши бўйича бошланғич нархи 29,7 млрд сўм бўлган тендер савдоси юзасидан ўрганиш ишларини ўтказган.
Ўрганишлар давомида университет томонидан Хоразм вилояти қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг марказига юборилган анкетада «7 қаватли, 600 ўринли талабалар турар жойи биноси қурилиши» объектини соҳавий мансублиги ва хавф-хатар тоифаси ИИ-тоифа қилиб белгиланганлиги маълум бўлган.
Вазирлар Маҳкамасининг 20.08.2020 йилдаги 496-сонли қарорига асосан, 9 қаватгача бўлган Олий таълим муассасалари ИИИ-тоифа сифатида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига жойлаштирилиши лозимлиги қайд қилинган.
Аммо Урганч давлат университети томонидан ИИИ-тоифа сифатида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига жойлаштирилиши лозим бўлган объектни ИИ-тоифа қилиб белгилаши натижасида бошқа вилоятдаги қурилиш ташкилотларининг тендерда иштирок этиши чекланган.
Юқоридагиларга асосан, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан Урганч давлат университетига нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиши юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан буюртмачи ташкилот мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш юзасидан тегишли суд органига маълумотлар юборилди.