Президентнинг 2022 йил 18 июлдаги ПҚ 323-сонли қарорига кўра, тўлов-контрактда ўқиётган хотин-қизларга фоизсиз (0%) таълим кредити бериш тизими жорий этилган.
Кимларга берилади?
– Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасалари талабаларига (давлат, хусусий ва хорижий ОТМларнинг Ўзбекистондаги филиаллари);
– Ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчиларига (техникум, касб-ҳунар коллежи ва ҳ.к.).
Қайси курсларга берилади?
Барча курсдагиларга берилади, 1-курсми, 3-курсми, фарқи йўқ.
Қайси таълим шаклига берилади?
Фақат кундузги шаклга.
Қандай ҳолатларда берилмайди?
– Супер-контракт;
– сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклга;
– қўшма таълим;
– иккинчи мутахассислик;
– ординатура;
– хориждаги ОТМларга.
Тўлаш қачондан бошланади?
Таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб (яъни олти ой ўтиб) 7 йил давомида қайтарилади. Масалан, 7 млн сўм таълим кредити олинса, ўқишни тугатгандан сўнг, 6 ой ўтгач 7 йил мобайнида ойма-ой 83 минг сўмдан тўлаб борилади.
Фоизсиз таълим кредити олиш учун кам таъминланган бўлиш керакми?
Ушбу таълим кредити оилавий аҳволидан қатъи назар барча хотин-қизларга берилади, фақат «Аёллар дафтари»га кирганларга, эҳтиёжманд оилаларга берилади, деган гап нотўғри.
Қандай ҳужжатлар талаб этилади?
– банкка ариза;
– шахсни тасдиқловчи ҳужжат;
– таълим муассасаси билан тўлов-контракт шартномаси;
– талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат.