Жорий йилнинг 28 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан мулоқот қилган эди. Ушбу мулоқотда Президент ёшларни қўллаб-қувватлашга оид бир қатор таклифларни илгари сурган эди. Жумладан, келгусида уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилиши айтилганди.
Бу ҳақда ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев телеграм каналида хабар берди.
“Шунингдек бу таклиф мақомида бўлиб, ҳозирча бу борада бирон ҳужжат қабул қилинмади. Яъни уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизлар қайси ҳолатда масофавий таълим олади, бунинг учун нималар қилиши керак, кимга қандай ариза беради, бунда таълим шаклини масофавийга кўчириш тарзида бўладими ёки кундузгида қолавериб, вақтинча масофавий ўқиб турадими, ҳозирча бу саволларнинг биронтасига расмий жавоб йўқ. Шунга оид бирон расмий ҳужжат қабул қилинса, ундан кейингина айтиш мумкин. Хуллас, бугунги кунда уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизлар олийгоҳ маъмуриятидан масофавий ўқишни талаб қилиши бефойда”- дейди у