Маълумки, жорий йил 22 августдан бошлаб белгиланган саналарда ОТМларига кириш ҳамда ўқишни кўчириш бўйича тест синови натижаларидан норози бўлиб, апеллация шикояти берган абитуриентларнинг мурожаатлари Апеллация комиссияси аъзолари томонидан кўриб чиқилди. Апеллация жараёни 2024 йил 10-центабр куни тўлиқ якунига етди.
Апеллация комиссияси томонидан 4 055 нафар абитуриентнинг эътирозини кўриб чиқиш режалаштирилган эди. Шундан 831 нафари (20,5%) жараёнда иштирок этган, 3 224 нафари эса иштирок этмаган.
Билимни баҳолаш агентлиги томонидан жорий йилда илк марта Нукус шаҳрида апеллация шикояти берган қорақалпоғистонлик абитуриентларнинг эътирозларини кўриб чиқиш бўйича сайёр Апеллация комиссияси ташкил этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра Апеллация комиссиясининг қарори бўйича маълумот Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тақдим этилади.