Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2023 йил 27- июндаги 190-сонли буйруғи билан синф раҳбарларининг янги лавозим йўриқномаси қабул қилинди. Ушбу 190-сонли буйруқ билан Халқ таълими вазирининг 2020 йил 30 июлдаги 180-сонли буйруғи, 2021 йил 22 февралдаги 41-сонли буйруғи ва 2021-йил 1 мартдаги 52-сонли буйруқлари бекор қилинди.
Аввалги 41-сонли буйруқ билан тасдиқланган низомда синф раҳбарлари 1-4-синфда ва 5-11-синфда ягона синф раҳбари сифатида тайинлаш бўйича келтирилган бандлар бор эди. Янги низомда 1-4-синфда ва 5-11-синфда ягона синф раҳбари сифатида тайинлаш ҳақида ёзилмаган.
Шунингдек, аввалги низомда синф раҳбарларининг фаолияти январь ва июнь ойларида баҳоланиши ва ўқитувчилар хонасига илиб қўйилиши ҳақида ёзилган эди. Янги низомда ушбу боб чиқариб ташланди.
Синф раҳбарининг янги лавозим йўриқномаси билан “Синф раҳбарлари” услубий бирлашмаси тузилади ва унга барча синф раҳбарлари аъзо ҳисобланади. “Синф раҳбарлари” услубий бирлашмаси ўз фаолиятида; синф раҳбарларининг йиллик ишларини режалаштириш, тарбиявий ишларни ташкил этиш ва ўтказишга ёрдам бериш, уларнинг самарадорлигини ошириш, ишларини мувофиқлаштириш, иш тажрибаларини оммалаштириш каби ишларни бажаради.