ОТМ талабаларига ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини тенг улушларда тўрт қисмга бўлиш йўли билан ўтказишга рухсат берилган. Бунда муддатлар қуйидагича:
25% қисмини — 1-курсга тавсия этилганлар 15 сентябргача, иккинчи ва ундан кейинги босқич талабалари учун 1 октябргача;
50% қисмини — 2025 йил 1 январгача;
75% қисмини — 2025 йил 1 мартгача;
100% қисмини — 2025 йил 1 майгача.
Тўлов муддатларини узайтириш ҳам мумкин. Бунда 1-курсга кирганларнинг дастлабки муддатини узайтириш ваколати Давлат қабул комиссиясига берилган, қолган ҳолларда ОТМ ректори муддат узайтиришни ўзи ҳал қилади. kontrakt.edu.uz сайти орқали юборган аризангиз тасдиқланса, 4 га бўлиб тўлаш имкони ва муддатлари ҳақида маълумот чиқади.
Бунда, мазкур тартиб молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасалари учун тавсиявий характерга эга.
Эслатма: бўлиб тўлаш имконияти супер-контракт учун ҳам амал қилади. Лекин супер-контрактда ўқимоқчи бўлганлар дастлаб 50% тўловни амалга оширишлари керак. Шундан кейингина уларни талабаликка қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқади. 25% қоидаси фақат оддий контрактга тааллуқли.