Сўнгги вақтларда кўпчиликка нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан ўқишга таклиф қилиш бўйича турли СМС-хабарлар юборилмоқда. Бу ҳолат нафақат жорий йилда, балки ўтган йилларда ҳам кузатилган. Билимни баҳолаш агентлиги фуқароларга ишончсиз манбалардан фойдаланмасликни ва турли манбаларга шахсий маълумотларини киритмаслик тўғрисида ижтимоий тармоқларида расмий баёнот берди.
Баёнотга кўра, ушбу хабарлар фақат абитуриентларга эмас, барчага, жумладан, агентлик ходимларига ҳам борган. Агентлик, ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:
1) Агентлик фуқароларнинг розилигисиз учинчи шахсларга улар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмайди (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда ОТМларига талабаликка тавсия этилган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотлар бундан мустасно);
2) Агентликнинг ахборот тизимларида ахборот хавфсизлиги таъминланган бўлиб, уларга ҳеч қандай киберҳужум уюштирилмаган ва учинчи шахслар томонидан абитуриентларнинг маълумотлари қўлга киритилмаган.
Фуқароларда ушбу ҳолат юзасидан шубҳа бўлган тақдирда, Агентлик тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш ўтказилишига тайёрлигини маълум қилади.