Нодавлат мактабгача ёки мактаб таълим ташкилотида ўқиш пуллик ҳисобланади.
Энди ота-она (фарзандликка олувчи)нинг бунинг учун ҳар бир фарзандга ойига 3 млн сўм доирасидаги харажатлари солиқ солишдан озод қилинади.
Ушбу имтиёз қуйидагича ишлайди:
Ота-онанинг ( асраб олувчининг) ҳар бир бола учун ойига 3 млн сўм миқдоридаги харажатлари солиқдан озод этилган.
Масалан, ота (она)га унинг иш жойи бўйича ҳар ойда 720 минг сўм (6 млн сўмдан 12 фоиз) даромад солиғи ушлаб қолинган ҳолда 6 млн сўм иш ҳақи ҳисобланади.
У бухгалтерияга ўз фарзандининг таъминоти учун МТТга ҳар ойда 2,5 млн сўм ўтказиш ҳақида ариза тақдим этади.
Ушбу 2,5 млн сўм учун солиқ ҳисобланмайди. Бухгалтерия фақат 3,5 млн сўм (6 млн сўм – 2,5 млн сўм) фарқдан солиқ ушлаб қолади. Солиқ 420 минг сўмни (3500 х 12%) ташкил қилади. Ота (она) солиқдан ойига 300 минг сўм тежайди.
Ота (она) имтиёзни иш жойи бўйича бухгалтерияга маблағларни нодавлат мактабгача ёки мактаб таълим ташкилотига ўтказиш ҳақида ариза ва тўлов учун ҳисоб (шартнома) тақдим этган ҳолда солиқ хизматига my3.soliq.uz сайти орқали йил якунлари бўйича даромадлар тўғрисида декларацияга шартнома ва тўлов қоғозини бириктириб тақдим этган ҳолда қўллаши мумкин.