Аввало, янги ўқув йили очилиш тадбири билан биринчи курс талабалари учун танишув дарслари бошланади. Талабаларга факультет ва йўналишлари юзасидан маълумотлар берилади ва гуруҳларга тартибланади. Гуруҳлар учун тутор (гуруҳ раҳбари) тайинланади ва у бевосита талабалар билан ишлайди. Талаба саволлари, таклифлари ва муаммолари юзасидан туторга мурожаат қилиши мумкин.
Бундан ташқари, мактабдаги айрим сўзлар университетда ўзгаради.
Масалан:
Синф – курс;
Синфхона – аудитория;
Директор – ректор;
Зам директор – проректор;
Синф раҳбар – тутор ва ҳоказо.
Мактабдаги 45 дақиқалик дарслар 80 дақиқага ўзгаради ва фанлар иккига бўлиб назарий ва амалий шаклда олиб борилади.
Масалан: сизда нотиқлик дарси бўлса, бир дарсда назарий, кейингисида амалий тарзида бўлади. Бунда назарияда олган билимларингизни амалий дарсда кўрсатишингиз керак. Назариядан ва амалийдан иккита ўқитувчи дарс бериши ҳам мумкин бу эса битта фандан турли ўқитувчилар қўлида дарс олишингизни англатади.
Қуйида биринчи курсни тамомлаган талабадан янги талабаларга бир нечта маслаҳатларни кўришингиз мумкин:
Фаол бўлинг: Фақат дарсларга қатнашиш етарли эмас. Университетда турли хил клуб, семинар ва тадбирларга қатнашинг. Бу сизнинг тармоғингизни кенгайтиришга ва тажриба орттиришга ёрдам беради.
Тармоқ яратинг: Профессорлар, ҳамкасблар ва мутахассислар билан муносабатлар ўрнатиш сизнинг келажакдаги карерангиз учун жуда фойдали бўлиши мумкин.
Соғлиғингизга эътибор беринг: Кўп ўқиш ва дарслар орасида дам олиш ва соғлиғингизни унутмаслик муҳим. Уйқу ва дам олишга ҳам вақт ажратинг. Шунингдек, талабаликда нотўғри овқатланиш натижасида, ошқозон касалликларига дучор бўлишингиз мумкин. Бунинг олдини олиш учун тўғри ва тартибли овқатланишни йўлга қўйинг.
Ўқишни мустақил ташкил қилинг: Олий таълимда ўқитувчилар фақат йўл-йўриқ кўрсатадилар. Сиздан ўз устингизда ишлаш талаб қилинади, шунинг учун ресурслардан унумли фойдаланиш ва чуқур билим олишга интилинг. Тил ўрганинг, чет тилини ўрганишингиз орқали кўплаб имкониятларга эга бўласиз.