Ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худоердиев жорий йилда 60-100 баллар билан нечта йўналишга ўқишга кириш мумкин бўлганига аниқлик киритди.
“Ўқишга кириш қийин ёки осонлигини кўрсатувчи энг яхши кўрсаткич, бу ўтиш балларини таҳлил қилишдир.
Менга доим қизиқ бўлган, масалан, 100 балл олган абитуриент қаерларга ўқишга кира олади? Нечта жойга бали етган бўларди?
Юқоридаги жадвалда давлат гранти учун 4 минг 256 та, тўлов-контракт учун эса кундузги таълимда 3 минг 215 та, сиртқида 1 минг 458 та, кечкида 285 та ва масофавийда 80 та йўналишлардаги 2024-йилги ўтиш балларининг таҳлили акс этган.
Давлат гранти бўйича
Давлат гранти мисолида кўрадиган бўлсак, 100 балл олган абитуриентлар 1 минг 532 та йўналишга грантга кира олган. Бу умумий йўналишларнинг 36% ини ташкил қилади.
Жорий йилда 70 балл билан 570 та (13,4%) йўналишга давлат грантига кириш мумкин бўлди.
150 балл олганлар эса 70 фоиз грантга кирди, дегани бўлган. Фақат тўғри йўналиш танлай олган бўлса бўлди.
Тўлов-контракт бўйича
Контрактда эса кириш баллари анча паст. Масалан, атиги 80 балл билан кундузги таълимнинг 56 фоиз йўналишига, сиртқида 72%, кечкида 60%, масофавийда эса 96% йўналишга контрактга ўқишга кирса бўлади. Бор-йўғи 80 балл тўпласа етади.
Ёки 60 балл билан барча таълим шаклларини қўшганда 1 минг 466 та йўналишга контрактга кириш мумкин эди.
100 балл тўпласангиз-ку, контрактга кириш эҳтимолингиз жуда юқори бўлган. Масалан, кундузгида 2 минг 286 та (71%), сиртқида 1 минг 274 та (87%) йўналишга ўтиш баллари 100 дан паст бўлган.
Албатта, бу умумлаштирилган натижалар. Айрим талабгир йўналишларда кириш баллари юқори бўлганини биламан. Лекин унақалар сони жуда кам бўлган.
Умумий ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, ўқишга кириш жуда осон, фақат тўғри йўналиш танлай олишга ҳам кўп нарса боғлиқ. Бошқача айтганда, ёки орзу қилинган ўта нуфузли йўналишга кириш учун етарли даражада ўқиш керак, ёки тўпланган баллга яраша йўналиш танлаш керак”, – дейди у ўз постида.