Контрактнинг 50 фоизигача қисми, бироқ БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.
Масалан, талаба А нинг контракт суммаси 40 млн сўм, унинг контракти ярми 20 млн сўм бўлади, лекин унга 20 млн сўм эмас БҲМнинг 50 бараваригача қисми қоплаб берилади, яъни 16 млн 500 минг сўмгача.
Талаба Б нинг контракти 20 млн сўм, унинг контракти ярми 10 млн сўм ва унинг контракти БҲМнинг 50 бараваридан ошмаганлиги учун мана шу 10 млн сўм тўлиқ қоплаб берилади.
Хусусий университетда ўқиётганларга ҳам имтиёз бериладими?
Ҳа, “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтарига” киритилган ёшлар Ўзбекистондаги ҳар қандай, шу жумладан давлат, хусусий, хорижий ОТМларда, техникум, коллежларда ўқиётган бўлса, контракт бўйича имтиёздан фойдаланиши мумкин.
Бундан ташқари, мазкур имтиёз фақат бакалавр эмас, магистратура босқичида ўқиётганларга ҳам берилади. Бунда бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки шакли, магистратуранинг фақат кундузги йўналиши бўлиши керак.
“Супер контракт” ҳам тўлаб бериладими?
Йўқ, “супер” контрактда ёки иккинчи мутахассисликда ўқиётганларга ушбу имтиёз қўлланилмайди.
Кимга мурожаат қилиш керак?
Контракт “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилади. Жамғарма туман (шаҳар)ларда ҳоким бошчилигидаги Васийлик кенгаши томонидан бошқарилади. Кенгашнинг ишчи органи эса туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлими ҳисобланади.
Шу сабабли ариза ёшлар ишлари бўлимига берилади. Аризага ОТМ берган контракт нусхаси илова қилиниши керак. Ариза беришнинг аниқ муддати йўқ, исталган вақтда бериш мумкин.