Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан бугун 1-синф ўқувчиларига бериладиган “Президент совғалари” ни ҳудудларга жўнатиш ва янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган жараёнлар тарғиботига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.
Вазирлик Ахборот хизмати маълумотларига кўра, 2024-2025-ўқув йилида 10 182 та мактабда, 525 мингдан ортиқ ўқитувчилар 6,5 млн. нафардан ортиқ ўқувчиларга таълим-тарбия бериши кутилмоқда.
Янги ўқув йилида 719 366 нафар мактаб ёшидаги болалар 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган. “Таъминот ва логистика хизмати” корхонаси томонидан 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар учун бериладиган 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” 10-августга қадар ҳудудларга, 20-августга қадар эса қабул қилинган ўқувчилар сонига мос равишда барча мактабларга тўлиқ етказилади.
Ушбу 12 номдаги ўқув қуроллари — портфел, дафтар, расм дафтари, акварел бўёқлари, рангли қоғоз, қаламдон, шарикли ручка, рангли қалам, оддий қалам, пластилин, елим, ўчирғич тўпламидан иборат.
1-синфга қабул қилинган болаларни ўз вақтида ва тўлиқ ўқув “Президент совғаси” билан таъминлаш мақсадида ҳар бир қабул қилинган ўқувчи электрон тизимга (adm.maktab.uz) киритиб борилмоқда.
Пресс-тур давомида таъкидланганидек, янги ўқув йилида асосий эътибор сифатли таълимни таъминлашга қаратилади. Шу мақсадда 2023/2024-ўқув йилида Президент ва ихтисослашган мактабларнинг ўқитиш ва баҳолаш тизими республикадаги 500 та мактабда тажриба-синовдан ўтказилиб, ижобий натижаларга эришилган эди. Мазкур тажриба янги ўқув йилидан яна қўшимча 1 000 та мактабда жорий этилади.
Шунингдек, ўтган ўқув йилида мактабларга 500 нафар хорижлик мутахассислар умумтаълим мактабларига жалб этилиб, ўқувчиларга хорижий тилларни ўқитишда самарали натижаларга эришилди, бу жараён янги ўқув йилида ҳам давом эттирилади.
2024-йилда давлат дастури асосида 608 та (30 та янги мактаб қуриш, 518 тасини реконструкция қилиш ва 60 тасини мукаммал таъмирлаш) мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши натижасида 180 мингдан ортиқ янги ўқувчи ўринлари яратилади, Шунингдек, 95 та янги спорт зали бинолари қурилади.
Мактабгача таълим йўналиши ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди. 2024-2025 ўқув йилида 37 548 та (6867 та давлат, 835 та нодавлат, 1462 та ДХШ ва 28 384 та оилавий) мактабгача таълим ташкилотларида 2,3 mln.dan ортиқ (74,6 фоиз) 3-7 ёшли болалар қамраб олинади.
Йил якунига қадар мактабгача таълим билан қамров даражасини 76 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамраб олиш кўрсаткичини 96 фоизга етказиш белгиланган.