Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 ноябрдаги ПҚ-393-сон қарорига кўра, 2025 йил 1 июндан таълим ташкилотларидаги Ватанпарварлик руҳида ёшларни тайёрлаш бўйича директор ўринбосари — ҳарбий чақириғқача тайёргарлик раҳбари лавозими тугатилиб, штат бирликлари Мудофаа вазирлигига ўтказилади ва ушбу штат бирликлари ҳисобидан ЧҚБТ раҳбари лавозими жорий этилади. Яъни, 2025 йил 1 июндан бошлаб улар директор ўринбосари ҳисобланмайди.
ЧҚБТ раҳбари қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
– Мудофаа вазирлиги томонидан бириктирилган таълим ташкилотида ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий касбга йўналтириш, ҳарбий-спорт мусобақалари ва ЧҚБТ фани машғулотларини ташкил этиш;
– ўқувчи-ёшларни ҳарбий таълим муассасаларига саралаш ишларини олиб бориш;
– «Ватан таянчи» отряди фаолиятини бошқариш ҳамда ҳарбий қисм ва полигонларда амалий машғулотлар ўтказиш.
ЧҚБТ раҳбарларига умумий ўрта таълим ташкилоти ўқитувчисининг базавий тариф ставкаси белгиланади. Шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, умумий ўрта таълим ташкилотлари ходимлари учун белгиланган йиллик меҳнат таътиллари берилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги ПФ-6108-сон Фармонида белгиланган тартибда ЧҚБТ раҳбарларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик пулли компенсация тўланади.
2025-2026-ўқув йилидан бошлаб ҳар бир янги ташкил этиладиган таълим ташкилотлари учун 1 та штат бирлигидан иборат ЧҚБТ раҳбари лавозими киритиб борилади.
2025 йил 1 апрелга қадар ЧҚБТ раҳбари лавозимига саралаш натижалари бўйича тайинланган ходимлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичларини (КПИ) белгилаш тартибини тасдиқлайди.
Манба: Xalqtaliminfo.uz