«Наманган давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ-23-сон, 24.01.2025 й.) қабул қилинди.
Унга кўра, Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Наманган тўқимачилик саноати институти негизида Наманган давлат техника университети ташкил этилади.
Муҳандислик, қурилиш, тўқимачилик, ахборот технологиялари ва дастурлаш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича, шунингдек, ҳудуднинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжига мувофиқ олий маълумотли мутахассислар ҳамда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш Университетнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Университетда юридик шахс мақомисиз Илғор муҳандислик мактаби фаолияти ташкил этилади.
2025/2026-ўқув йилидан иш берувчи корхона ва ташкилотларнинг реал муаммолари асосида битирув малакавий ишлари ҳамда магистрлик диссертациялари мавзулари банкини шакллантириш ва талабаларнинг битирув малакавий иши ҳамда магистрлик диссертация ҳимояларини иш берувчи корхона ва ташкилотларда ташкил этиш чоралари кўрилади.
2026/2027-ўқув йилигача Университетнинг камида иккита бакалавриат таълим йўналиши ва учта магистратура мутахассислигининг халқаро тан олинган ташкилотлар аккредитациясидан ўтказилиши таъминланади.
2025 йилдан йирик ишлаб чиқариш корхоналари Университетга саноат ҳамкори сифатида бириктирилади.
Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ҳамда Наманган тўқимачилик саноати институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини Университетда давом эттиради ва 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб битирувчиларга белгиланган тартибда Университет дипломи берилади.