13 ёшли мактаб ўқувчиси аэрозоль баллонни ёқиб юборди ва куйиш жароҳатларидан ҳалок бўлди.
Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Telegram-каналида хабар қилинишича, Ростов вилоятида ўсмир ёнғин билан ўйнаш натижасида куйиш жароҳатлари олиб, ҳаётдан кўз юмган.
Маълум бўлишича, 13 ёшли бола аэрозоль баллонни ёқиб юборган ва олов унинг уст-бошига ўтиб кетган. Ўсмир дарҳол шифохонага етказилган, аммо уни қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган.
Бунга қадар, 19 январь куни Оренбург вилоятининг Медногорск шаҳрида ҳам шунга ўхшаш бахтсиз ҳодиса юз берган. 17 ёшли йигит поезд вагони устида суратга тушмоқчи бўлган. Дўстлари билан вагоннинг томига чиққанида, тасодифан юқори кучланишдаги электр симга тегиб кетган. Натижада йигитга ток уриб, у ёниб кетган.
Гувоҳлар йигитга қорга сакрашни маслаҳат берган. У шундай қилган ва бу оловни ўчиришга ёрдам берган. Ҳодиса оқибатида йигит жиддий жароҳатлар олган.