“Cyber university” давлат университетини ташкил этиш тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ-14-сон, 20.01.2025 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, университет тўлиқ академик, молиявий ва ташкилий-бошқарув жиҳатидан мустақил бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ва битирувчиларга давлат намунасидаги диплом берилади. Талабаларни ўқитиш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида олиб борилади.
Университетга қабул параметирлари давлат университети Кузатув кенгаши қарори билан тасдиқланади. Киберхавфсизлик соҳаси бўйича кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, Кузатув кенгашига янги истиқболли бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш ҳуқуқи берилади.
Университет таркибида IT-кластер (ахборот технологиялар парки, технопарк) ташкил этилади.
Университет фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нурафшон филиалининг Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри «Янгиобод» МФЙ Янгиобод кўчаси 42-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларини туташ ҳудудлари билан биргаликда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида университетга ўтказиб берилади.
Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нурафшон филиали фаолиятини 2024/2025 ўқув йили якунланганидан сўнг тугатади ва бу ердаги талабалар ўқишини Тошкент ахборот технологиялари университетининг тегишли курсларига белгиланган тартибда кўчирилади.
Университетда ўқув жараёни 2025 йил сентябрь ойида бошланади.
2025/2026 ўқув йили учун университетга бакалавр тайёрлаш бўйича кундузги таълим шаклига 100 та давлат гранди ажратилади.