Шайхонтоҳур туманидаги мактаб ўқувчисида аниқланган сил касаллиги бўйича юзага келаётган эпидемиологик вазият юзасидан Санепидқўмита ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилди:
Ўтган йилнинг 26 декабрида Шайхонтоҳур туманида жойлашган умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчисида сил касаллиги аниқланган ва шу куни Шаҳар Болалар фтизиатрия шифохонасига ётқизилган.
Бемор билан мулоқотда бўлган 22 нафар ўқувчи ва мактабнинг 30 та ўқитувчиси жорий йилнинг 4 январидан бошлаб рентгенография, диаскин тест текширувларидан ўтган. Касаллик аниқланган ўқувчи амбулатор шароитда даволанмоқда. Эпидемиологик суриштирув ўтказиш натижасида беморнинг оила аъзолари ҳам тегишли текширувлардан ўтказилиб, касаллик аниқланмаган.
Санепидқўмита мутахассислари томонидан ушбу мактабда эпидемиологик ўрганишлар олиб борилиши натижасида мактабда санитария талабларининг қўпол равишда бузилиши, сил касаллиги билан касалланган беморни эрта аниқланмагани ва ўз вақтида чора-тадбирларни ташкил этилмаганлиги ҳамда педагогларнинг даврий тиббий кўрикдан ўтмаганлиги маълум бўлди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан ушбу мактаб директорига маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Мактабда бемор билан мулоқотда бўлган ўқувчи ва ўқитувчилар махсус текширувдан ўтказилди ҳамда улар орасида касалликни юқтириб олганлар аниқланмади. Амалдаги тартибга кўра улар 6 ойдан сўнг қайта текширувдан ўтказилиши режалаштирилган.
Шу ўринда ортиқча ваҳимага ўрин йўқлигини, вазият назорат остида эканлигини эслатиб ўтамиз.