Qalampir.uz нинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган 59-, 82- ва 115-мактаб ўқувчилари орасида сил касаллиги тарқалган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Qalampir.uz ‘га ўқувчиларнинг ота-оналари томонидан мурожаатлар келиб тушган.
Айтилишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг бу ҳолатдан хабари бор ва аллақачон мактабда дезинфекция ишларини олиб борилган. Аммо вазирлик ҳозирча бу ҳақда расмий ахборот бермаган.
Уларнинг айтишича, ота-оналардан жамоат диспансерига бориш, фарзандларини бепул кўрикдан ўтказиш талаб қилинган.
Аммо ота-оналарга айтилган касалланганлар сони кўп ўтмай яна ошган. Энг сўнгги маълумотларга кўра, иккита ўқитувчи ва тўртта ўқувчида сил касаллиги аниқланган. Хабарда ўқитувчилар ўзларининг касалланганини билмасдан 82-мактабда ҳам, 115-мактабда ҳам дарс ўтишда давом этгани айтилган. Ота-оналар гуруҳидаги ёзишмалардан сўнггина бу ҳақдаги эътирозлар юзага чиқа бошлаган.
Шунингдек, Qalampir.uz ихтиёрида Санепидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим бошлиғи Дилфуза Ҳикматованинг ҳақиқатдан ҳам ота-оналар билан мазкур мавзу бўйича гаплашгани, мактабларни дезинфекция қилдиргани акс этган ёзишмалар борлиги айтилган.
Бундан ташқари, ота-оналар Республика давлат санитария-эпидемиология назорати марказига ҳам ҳолат бўйича хабар беришган. Аммо улар ҳам бу ишни назоратга олишларини айтгану ҳеч қандай амалий ишларни бажармаган.
Яна бир ўқувчининг онаси эса ўзи ҳам шифохонада ҳамшира бўлиб ишлашини маълум қилиб, Тошкент бўйича барча шифохоналарда ҳозир шу муаммо муҳокама этилаётганини айтган. Шайхонтоҳур туманидаги 59-, 82-, 115-мактаб ўқувчиларнинг ота-оналари мактабларда жиддий текширув олиб борилиши, бордию касаллик авж олгани аниқланса, масъуллардан тезкор чоралар кўришни талаб қилган.
Маълумот учун, туберкулёз яъни содда қилиб айтганда сил – мйcобаcтериум туберcулосис бактерияси томонидан чақириладиган, кенг тарқалган касаллик. Ҳаво-томчидаги бактерия нафас йўллари орқали организмга киради. Сўнг бронхлар шиллиқ қавати ва альвеолаларга ўтади ҳамда қон орқали бутун танага тарқалади. Силнинг ўпка ва ўпкадан ташқари турлари мавжуд.
Ўпкадан ташқари кечувчи туберкулёз буйрак, суяк, тери ёки нерв тизими фаолиятига шикаст етказиши мумкин. Касаллик одатда иммунитети паст, сурункали хасталиклар билан оғрийдиган, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилувчи ва кўп вақт стрессда бўладиган одамларга осон юқади.
Туберкулёз билан оғриган беморларда йўтал, иситма, қонли йўтал, кўкрак қафасидаги оғриқ, қаттиқ терлаш ва заифлик симптомлари кузатилади. Касаллик айниқса болаларда фаолроқ кечади ва лимфа тугунларининг катталашиб оғриши, терининг оқариши, уйқу бузилиши, фикр тарқоқлиги, кайфиятнинг кескин ўзгариб туриши каби белгиларни намоён қилади.
Тадқиқотларга кўра, микроб билан зарарлангани заҳоти беморда симптомлар пайдо бўлмасдан касаллик яширин тарзда кечиши мумкин. Зарарланишдан кейин организмда иммунитет ҳолатига қараб касаллик белгилари 2-3 ойдан бир йилгача муддатда ўзини намоён қилиши мумкин. Жиддий симптомларига қарамасдан, замонавий тиббиёт туберкулёзни бутунлай даволай олади. Шундай бўлсада, одамлар имкон қадар ўзларини муҳофаза қилишлари, касалланганлар билан масофа сақлаши ва гигиена қоидаларига амал қилиши лозим.