2008 – йилда туғилган бола отасига тегишли бўлган Kia Сонет машинасини тунги вақтда Навоий шаҳри ҳудудида давлат рақамисиз, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасдан бошқариб юрган. Ҳудудда хизмат олиб бораётган инспектор уни тўхтатмоқчи бўлганида, бола ходимни уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Навоий шаҳрида йўл-патруль хизмати инспектори хизмат олиб бораётган вақтида машина уриб кетиши оқибатида вафот этди.
ИИВ ЖХД ЙҲХХ ахборот хизматининг Кун.узъга маълум қилишича, ЙТҲ 19 январь куни соат 1:45 да содир бўлган. Навоий шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида хизмат олиб бораётган Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати инспектори Жасуржон Муҳаммадов давлат рақамисиз, йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланган Kia Сонет машинаси ҳайдовчисига тўхташ ишорасини қилган.
Аммо ҳайдовчи тўхташ ишорасига бўйсунмасдан йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳолда қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ҳамда инспекторни уриб юборган. Сўнгра воқеа жойидан қочиб кетган. Инспектор эса ҳодиса жойида вафот этган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида Kia Сонетъни 2008 йилда туғилган С.М. бошқаргани, машина унинг отасига тегишли бўлганлиги аниқланган. Машина яшириб қўйилган жойидан топилиб, жарима майдонига жойлаштирилган.
Ҳозирда ҳолат бўйича Навоий шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган, йўл ҳаракати қоидаларини билмайдиган Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси йўлда бошқа фуқарони уриб юбориши ҳам мумкин эди. Афсуски, ватан олдидаги бурчига садоқат кўрсатиб хизмат қилаётган ЙПХ инспектори тўхташ ишорасини берган вақтида қоидабузарлик қурбони бўлди. Кейинги вақтларда катталар томонидан вояга етмаган болаларга машина бошқарувини бериш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу эса аянчли оқибатларга олиб келиши муқаррар. Шунинг учун, ота-оналар фарзандларининг, қолаверса, бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлиги учун бундай хатони қилмасликларини сўраб қоламиз», дейди ИИВ ЖХД ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошов.
Инспектор Жасуржон Муҳаммадов 1993 йилда туғилган, 2 фарзанднинг отаси бўлган. У ички ишлар органлари тизимида 2017 йилдан буён ишлаб келган.