Аввалроқ, Бишкекдаги 13-сонли мактаб яқинида катта синф ўқувчиси 11 ёшли болани калтаклаб, ундан овқат ва пул талаб қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолатни Болалар Омбудсмани ўз назоратига олди.
Омбудсман Жамиля Жаманбаева мактаблардаги рэкет ҳолатларини алоҳида назоратга олиш ва олдини олиш бўйича давлат органларини самарали ҳамкорликка чақирди. Бу ҳақда бош ҳуқуқ ҳимоячиси матбуот хизмати хабар берди.
Рэкет — бу қандайдир кишилар ёки гуруҳлар томонидан қўрқитиш, зўравонлик ёки шантаж орқали бошқаларнинг мол-мулкини ёки пулларини олишга қаратилган ғайриқонуний фаолиятдир.
«Мактабдаги рэкет — жиддий чора-тадбирларни талаб қиладиган долзарб муаммо. Унинг олдини олиш бўйича ишларни кучайтириш керак», — деди Жамиля Жаманбаева.
Маълум қилинишича, Омбудсманнинг шахсий қабулига келган ота-оналар ўз фарзандларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш илтимоси билан мурожаат қилишган. Улар Бишкек шаҳридаги 13-гимназия ўқувчилари бўлиб, мазкур мактабда рэкет ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида хабар беришган.
«22 декабрь куни мен икки фарзандимни кафега олиб бориб, овқатлантирдим ва тўгаракка жўнатдим. Фарзандларим 11 ва 9 ёшда. Улар дўстлари билан бирга кетишганди. Йўлда уларни айни шу гимназияда ўқийдиган ўқувчи тўхтатиб, уларнинг питса ва ширинликлар солинган пакетини тортиб олибди. Бу бола менинг 11 ёшли ўғлимдан икки ёш катта. У пул талаб қилган ва катта ўғлимни калтаклаб, мия чайқалишига сабаб бўлган. Биз касалхонада даволандик», — деди ўқувчиларнинг онаси И. Ж.
Унинг сўзларига кўра, 25 декабрь куни у милицияга ариза ёзган.
Омбудсман Жамиля Жаманбаева учрашувда ушбу мурожаатни шахсий назоратига олганини маълум қилди. Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан чора кўриш бўйича Ички ишлар вазирлиги, Таълим ва фан вазирлиги, Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлигига хат йўллаган.
«Омбудсман тегишли давлат органларини ўқувчилар хавфсизлигини таъминлашга ҳамда уларни зўравонликка қарши ҳуқуқ ва эркинликларини камситувчи бошқа ҳаракатлардан ҳимоя қилишга чақирмоқда», — дейилади Омбудсман баёнотида.