Парвиз Тўқсонов дунёнинг ТОП университетларига киришда асосий баҳолаш тестларидан бири — SAT имтиҳонидан ўзбекистонликлар ичида биринчи бўлиб энг юқори баллни қўлга киритган. У Кун.уз га берган интервьюсида ушбу натижага эришиш учун қандай тайёргарлик кўргани ҳамда имтиҳон жараёнлари ҳақида сўзлаган.
Парвиз Тўқсонов Бухоро шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган. Инглиз тилини тўртинчи синфдан ўрганишни бошлаган. 16 ёшида (2022 йил август) IELTS’дан 8,5 баллни қўлга киритганидан сўнг SAT’га мустақил тарзда тайёрланган.
Шунингдек, Парвиз илк бор 2023 йилда SAT дан 1560 балл тўплаган. 2024 йилда эса ўзининг рекордини янгилаб, SAT дан максимал балл олган биринчи ўзбек йигитига айланди.
Унинг айтишича, Ўзбекистонда SAT’дан шу кунгача максимал балл қўлга киритилмаганлигига асосий сабаблардан бир сифатида номзодларнинг катта қисми имтиҳонни фақат олий ўқув юртларига кириш учун топшириб, 1500 баллдан юқори натижани қайд этганидан сўнг, ўз устида ишлашни давом эттирмаслигини келтириб ўтган:
Парвиз берган маълумотларга кўра, IELTS сертификатининг ўзи билан чет эл олийгоҳларига қабул қилиниш бироз қийин. Дунёнинг нуфузли университетларига ҳужжат топшириш жараёнларида, асосан, SAT сертификати талаб этилади. SAT – бу мактаб битирувчиларининг олий таълимга қанчалик тайёрлигини кўрсатиб берадиган тест тизими ҳисобланади. Мазкур тест илк бор 1926 йилда АҚШда ишлаб чиқилган, ҳозирда бутун дунё бўйлаб икки миллиондан ортиқ талаба ҳар йили SAT топширади ва ушбу баҳолаш тизимидан олган баллари асосида олийгоҳларга қабул қилинади.
SAT имтиҳонидаги саволлар ўқувчиларнинг нафақат инглиз тили, балки физика, кимё, астрономия каби мактабда ўтиладиган фундаментал фанлар бўйича тушунчаларини ҳам текширади.
Имтиҳон иккита бўлимдан иборат: инглиз тили (ўқиш ва ёзиш) ҳамда математика. Инглиз тилига 64 дақиқа, математикага 70 дақиқа берилади. Орада 10 минутлик танаффус ҳам тақдим этилади. Умумий ҳисобда имтиҳонга 2 соат 15 дақиқа вақт сарфланади.
Парвизнинг сўзларига кўра, кўпчилик тест топширувчилар инглиз тили бўлимидаги иккинчи қисмда муаммоларга дуч келади. Бу қисмдаги саволларни тезроқ ечиш учун тақдим этилган топшириқларни охиридан яъни 27-саволдан бошлаб ечиш тавсия этилади. Чунки охирроғида тушадиган саволлар грамматикага оид бўлади ва уларга жавоб топиш бошқаларига нисбатан осонроқ ҳисобланади. Бу, ўз ўрнида, вақтни тежашга ёрдам беради.