Хабарингиз бор, 2024 йилнинг декабрь ойида Деҳлидаги бир неча мактаблар бомба билан таҳдид қилинувчи хатлар олгани ҳақида маълум қилган эдик.
Деҳли полицияси бир неча кун давомида пойтахтдаги ўнлаб мактабларга бомба таҳдиди ҳақида хабар юборганликда гумон қилинган 12-синф ўқувчисини қўлга олди, — деб хабар берди ANI ахборот агентлиги.
9 январь куни Деҳлидаги ўнта таълим муассасаси бомба таҳдиди ҳақида хабар олди. Бу ҳолат кетма-кет содир бўлган таҳдидли воқеаларнинг бир қисмидир. PTI йирик ахборот агентлиги хабарига кўра, охирги кунларда ўқув жараёнини издан чиқарувчи шундай таҳдидлар кўпайган.
Жанубий Деҳли полицияси бошлиғи Анкит Чоуҳаннинг маълум қилишича, гумондор охирги ҳафталарда 23 та таҳдидли электрон хат юборган. Сўроқ пайтида ўқувчи илгари ҳам шундай таҳдидларни амалга оширганини тан олган.
NDTV манбаларига кўра, вояга етмаган ўқувчи мактаб имтиҳонларини топширмоқчи эмаслиги сабабли таҳдидлар орқали саросима яратиб, имтиҳонларни бекор қилишга уринган.
Деҳли полицияси мактаблардаги хавфсизликни таъминлаш учун барча зарур чораларни кўраётганини ва воқеа сабабларини тўлиқ ўрганаётганини билдирди. Шу билан бирга, мактаб раҳбариятларига ва ота-оналарга хотиржамлик сақлаш ва хавфсизлик чоралари бўйича кўрсатмалар берилган.