Жорий йилнинг 6 январь куни Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази томонидан Жанубий Кореянинг Миллий транспорт университети билан ҳамкорликда Корея таълим вазирлигининг гранти асосида ташкил этилган Сунъий интеллект ва робототехника асосларини ўргатиш бўйича «Қишки мактаб» очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади ўқувчиларни СТEМ фанларига қизиқишини ошириш ҳамда келгусида муҳандислик соҳасида олий таълим ташкилотларида ўқишини давом эттиришга илҳомлантириш ҳисобланади.
10 январга қадар давом этадиган ўқув жараёнларида Тошкент шаҳридаги 12 та туманда жойлашган мактабларнинг 10- ва 11-синфларидан 24 нафар ўқувчи ва «Информатика ва Ахборот технологиялари» фанидан 12 нафар ўқитувчи иштирок этиши белгиланган.
Тренинг очилиш маросими давомида Корея миллий транспорт университети профессор ўқитувчиси томонидан ўқувчиларга 21-асрда ишлаб чиқариш саноатини автоматлаштиришга оид мастер-класс ўтказилди. Мазкур тренинг орқали робототехника ва сунъий интеллект йўналишида билим олишнинг қанчалик муҳим эканлиги тушунтирилди.
Тренингни қизиқарли ўтказиш мақсадида кореялик ҳамкорлар томонидан Робототехника лабораториясини моддий техник базасини шакллантириш учун Ардуино тўплами ва ПИБО роботи олиб келинган. Ушбу жиҳозлар орқали ўқувчиларга назарий ўрганган дастурлашга оид билимларини робот қурилмасида синовдан ўтказиш имконияти яратилади.
Таъкидлаш лозим, мактабларнинг юқори синфларида 2026-2030 йилларда информатика ва ахборот технологиялари фани доирасида Сунъий интеллект ва робототехника асосларини ўқитишни такомиллаштириш бўйича ОДА грант лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, тажриба-синовдан ўтказилаётган мазкур лойиҳа натижасида олинадиган ижобий тажрибалар келгусида мобил лаборатория ёрдамида республикамизнинг чекка ҳудудларида жойлашган мактабларга ҳам татбиқ этилиши кўзда тутилган.