2024 йил 7 август куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг «Умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари учун «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирларини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисида»ги 246-сонли буйруғи қабул қилинганлиги ҳақида хабар қилган эдик.
Қарорга кўра, умумий ўрта таълим муассасаси ўқитувчисининг «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирларида иштирок этиши унинг ўз малакасини мунтазам равишда ошириб бориш бўйича мажбурияти этиб белгиланди.
Умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари учун фанлар кесимида «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирлари ташкил этиладиган кунлар қуйидаги жадвал асосида белгиланди:
Касбий ривожланиш кунлари тегишли фан ўқитувчилари учун асосан касбий ривожлантириш тадбирларида иштирок этадиган иш куни ҳисобланади.
«Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирлари ўтказиладиган вақтда тегишли фан ўқитувчиларини мактаблардаги дарс машғулотларига ва бошқа тадбирларга жалб қилинишига йўл қўйилмайди.
Ўқитувчининг «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирларида иштирок этмаслик ҳолати шу куни ишга келмаганлик сифатида қайд этилади ва унга иш ҳақини ҳисоблашда амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисобга олинади.
Ўқитувчи ўқув йили давомида «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирларида узрли сабабларга (меҳнатга лаёқатсиз бўлгани, хизмат сафарида бўлгани ва қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолатлар) кўра 12 соат қатнашмаган тақдирда унга «Узлуксиз касбий таълим» электрон платформасида ташкил қилинган махсус ўқув курсида малака ошириш орқали зарур билим ва кўникмаларни эгаллаш учун имконият берилади.
Ўқитувчи ўқув йили давомида «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирларида 12 соат узрли сабабларсиз қатнашмаган тақдирда унинг «Узлуксиз касбий таълим» электрон платформасида ташкил қилинган махсус ўқув курсида шартнома асосида малака ошириши талаб қилинади.