2025 йил 1 январдан бошлаб касбий таълим ташкилотларида ишлаб чиқариш амалиётининг янги тартиби жорий этилади. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг «Касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (28.12.2024 й.) қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ 2025 йил 1 январдан:
– ўқувчилар учун ишлаб чиқариш амалиёти ва диплом олди амалиёти ўрнига ягона ишлаб чиқариш амалиёти тизими жорий этилади;
– ишлаб чиқариш амалиётини ўтайдиган ўқувчиларга тегишли ташкилотлардаги малакали мутахассислар «устоз» сифатида бириктирилади;
– ўқувчиларнинг амалиёт жараёнида эгалланган амалий кўникмаларини иш берувчилар билан биргаликда баҳолаш тизими йўлга қўйилади.
Шунингдек, қарор билан «Касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом» ҳам тасдиқланди.
Низом:
➖амалиёт дастурларини тегишли тармоқ ва соҳа корхоналари (ташкилотлари) билан келишилган ҳолда ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;
➖амалиётни тегишли тармоқ ва соҳа корхоналарида (ташкилотларида) ташкил этиш;
➖касбий таълим ташкилотлари ва иш берувчиларнинг амалиётларни ташкил этиш бўйича вазифаларини белгилайди.