Педагог ходимларга Янги йил байрам тадбирларини корпоратив байрам ва тадбирлар сифатида ташкил этиш бўйича ҳеч қандай тақиқ йўқ.
Педагог ходимлар ҳам дам олиш кунларида ёки ишдан бўш вақтларда ҳар қандай корпоратив байрам ва тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бу уларнинг конституцион ҳуқуқидир.
Педагог ходимлар ҳам эркин фуқаро, шу сабабдан уларнинг иш вақтидан ташқари пайтдаги хатти-ҳаракатларини чеклаш, назорат қилиш мутлақо қонунчиликка зид ҳисобланади.
Ундан ташқари Меҳнат кодексининг 201-моддасига кўра ҳар кунги дам олиш, бошқа дам олиш кунлари (ҳар ҳафталик узлуксиз дам олиш) ҳамда ишланмайдиган байрам кунлари дам олиш вақти ҳисобланади.
Дам олиш вақти эса ходим меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган ва ўз ихтиёрига кўра фойдаланиши мумкин бўлган вақтдир. Яъни, дам олиш вақтини ходимлар ўзлари истаган ҳолда ўтказишга ҳақли.
Шу сабабли, педагог ходимлар ўз хоҳишига кўра Янги йил байрам тадбирларини корпоратив байрам ва тадбирлар сифатида ташкил этиши мумкин.
Аммо, бундай тадбирларни мактаб биноси ёки ҳудудида ўтказиш мумкин эмас. Чунки, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2023 йил 31 август кунги 282-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим муассасасининг такомиллаштирилган намунавий одоб-ахлоқ қоидалари» билан мактаб ҳудуди ва биносида ўқувчиларга алоқаси бўлмаган байрам тадбирларини ўтказиш тақиқланган.
Эслатма! Таълим муассасасининг ҳудуди ва биносида спиртли ичимликлар ҳамда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳам тақиқланган.
Манба: Xalqtaliminfo.uz