Кеча, 24 декабрь куни Вазир Ҳилола Умарова томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига мактабгача ва мактаб таълими тизимида 2025 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар бўйича ахборот берилганди.
Унда таълим муассасалари раҳбар ходимларининг ойлик маошларини сезиларли даражада ошириш борасида ҳам бир қанча таклифлар илгари сурилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг хабар беришича, 2025-2026-ўқув йилидан бошлаб мактаб ва мактабгача таълим муассасалари директорлари, мактаб директори ўринбосарларининг иш ҳақи миқдорлари оширилади.
Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги натижаларига кўра қўшимча устамалар жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги бошқарув ходимларининг лавозим маошларига узоқ муддат ишлаганлиги учун ҳар ойлик устама ҳамда бошқа қўшимча тўловлар тўланиши йўлга қўйилади.
Вазир Ҳилола Умарованинг таъкидлашича, мактаб директорларининг ойлик маоши 20 фоизгача оширилади. Агар улар «Директорлар мактабидан» ўтса, ойлик маошлари яна 50 фоизга оширилиши ҳисобига уларнинг маошини икки баробар оширишга эришилади.